Марказий банк: Ўзбекистон иқтисодиёти 8,7 фоизга ўсди
Марказий банкнинг 2026 йил I чорак бўйича пул-кредит сиёсати шарҳида қайд этилишича, йилнинг дастлабки ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолган. Ҳисоботда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 8,7 фоизни ташкил этгани таъкидланган.
Ҳужжатга кўра, иқтисодий фаолликнинг жадаллашишига асосан инвестициялар ҳажмининг ортиши, ички талабнинг юқори сақланиши ҳамда хизмат кўрсатиш, қурилиш ва савдо соҳаларидаги ўсиш таъсир кўрсатган.
Шу билан бирга, 2026 йил март ойида йиллик инфляция 7,1 фоизгача пасайган. Марказий банк бу ҳолатни айрим товарлар бўйича ўтган йилги юқори база таъсирининг чиқиб кетиши билан изоҳлаган.
Ҳисоботда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайиш тенденциясини намоён қилаётгани, бироқ улар ҳануз прогноз кўрсаткичларидан юқори шаклланаётгани қайд этилган.
Марказий банк ташқи иқтисодий муҳитдаги хавфларга ҳам эътибор қаратган. Хусусан, геосиёсий кескинликлар, жаҳон бозорида энергия ресурслари ва озиқ-овқат нархларининг қимматлашиши, логистика харажатларининг ортиши импорт орқали ички инфляцион босимларни кучайтириши мумкинлиги таъкидланган.
Шу билан бирга, олтин нархининг юқори сақланиши, экспорт тушумлари ва хориждан пул ўтказмаларининг барқарор ўсиши ички валюта бозорида хорижий валюта таклифини қўллаб-қувватлаётгани қайд этилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражага яқинлаштириш учун пул-кредит шароитлари етарли даражада қатъий сақланмоқда. Ижобий реал фоиз ставкалари миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантириб, кредитлаш суръатларининг мувозанатли шаклланишига хизмат қилмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунида инфляция 6,5 фоиз атрофида, иқтисодий ўсиш эса 7–7,5 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.
Марказий банк келгусида ҳам инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар, валюта курси тенденциялари ва ташқи иқтисодий хатарларни диққат билан кузатиб боришини маълум қилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА