Марказий банк онлайн кредитларни расмийлаштиришни чеклади
Ўзбекистонда онлайн кредит ажратиш тартиби кучайтирилмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг янги қарорига мувофиқ, 2026 йил 22 апрелдан бошлаб онлайн кредитларни расмийлаштириш бўйича қатор чекловлар ва қўшимча хавфсизлик талаблари жорий этилади.
Янги тартибга кўра, эндиликда фуқаролар бир сутка давомида фақат битта кредит ташкилотида битта онлайн кредит (микроқарз) расмийлаштириши мумкин бўлади. Мазкур чоралар ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган фирибгарлик ҳолатларини камайтириш ва фуқароларни молиявий хавфлардан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, онлайн кредит олиш учун ариза келиб тушгандан сўнг кредит ташкилоти аввало, “Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестри” орқали фойдаланувчи маълумотларини текширади. Агар фуқаро ушбу реестрда мавжуд бўлса, кредит ажратиш жараёни дарҳол тўхтатилади ва рад этиш сабаби кўрсатилган ҳолда SMS-хабарнома юборилади.
Агар фуқаро реестрда мавжуд бўлмаса, онлайн кредит расмийлаштириш жараёни давом эттирилади. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида бир нечта кредит ташкилотларига юборилган аризалар бўйича кредит бюроси фақат биринчи келиб тушган аризани кўриб чиқади. Агар биринчи ташкилот кредит беришни рад этса, навбатдаги ариза кўриб чиқилади.
Агар кредит маъқулланса, шу ЖШШИР бўйича бошқа аризалар автоматик равишда рад этилади. Шунингдек, 24 соат давомида янги кредит аризалари қабул қилинмайди.
Янги талабларга мувофиқ, онлайн кредит ажратишдан олдин фойдаланувчи масофавий биометрик идентификациядан ўтказилади. Бу орқали шахсни аниқлаш ва фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсад қилинган.
Қарорга кўра, агар фуқаро номига фирибгарлар томонидан онлайн кредит расмийлаштирилгани тасдиқланса, кредит бўйича фоизлар ҳисобланмайди. Пеня ва жарималар бекор қилинади. Тўловларни ундириш тўхтатилади.
Бунинг учун жабрланувчи ички ишлар органларига мурожаат қилиши лозим. Тергов жараёнида кредит фирибгарлик орқали расмийлаштирилгани тасдиқланса, кредит ташкилотига тегишли қарор юборилади ва тўловлар тўхтатилади.
Агар кредит бўйича маблағлар аввал ундирилган бўлса, суд қарори асосида улар жабрланувчига қайтарилади. Тўловлар суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг 15 кун ичида амалга оширилади.
Қарорга асосан кредит ва тўлов ташкилотлари “Фирибгарлик ҳақида хабар бериш” бўлимини жорий этади. Шубҳали операциялар ҳақида SMS ва PUSH хабарномалар юборади. Янги қурилмадан кириш ҳолатларида операцияларни вақтинча тўхтатади. Қўшимча тасдиқлаш механизмларини жорий қилади.
Шунингдек, барча кредит ташкилотлари замонавий антифрод тизимларини жорий этиши мажбурий қилиб белгиланди.
Мазкур ўзгаришлар онлайн кредитлар орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатларини камайтириш, фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда банк тизимига бўлган ишончни оширишга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА