Марказий банк фаолиятига оид лойиҳа муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг бугунги йиғилишида Марказий банк фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг мустақиллиги ва банк тизими барқарорлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини мажбурий келишиш ҳамда кредит ташкилотлари учун пруденциал нормативларни, корпоратив бошқарувни, таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир ва бошқа талабларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, молия бозорида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар шароитида тезкор ҳуқуқий чоралар кўриш мақсадида Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг кучга киришига оид қоидалар белгиланмоқда.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари бир қатор саволларни ўртага ташлади ва масъуллар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Қонун лойиҳасидаги нормалар Марказий банк фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаши айтиб ўтилди. Банк тизимидаги таваккалчиликларни самарали бошқариш, назорат механизмларини кучайтириш ва замонавий халқаро амалиётларни жорий этишда муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА