Маърифатга ошуфта суд ходимлари
Китоб, театр, музейлар – инсон камолотида, унинг ахлоқи ва дунёқарашида муҳим восита ҳисобланади. Маънавияти юксак инсон эса қайси соҳада фаолият олиб бормасин, чуқур илми, етук салоҳияти билан ажралиб туради.
Наманган вилояти суди ташаббуси билан тизим ходимлари ўртасида мунтазам маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исоқжон Нишонов билан ижодий учрашув уюштирилди.
Вилоят суди судьялари ва ходимлари иштирокида кечган учрашувда ёзувчининг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилди. “Афғон шамоли”, “Жасорат”, “Довон”, “Терговчи хотиралари”, “Адолат ғори”, “Улар қотилликда айбланмайди” каби 50 дан зиёд роман ва қисса муаллифи Исоқжон Нишонов аксарият асарларига суд-ҳуқуқ соҳасининг адолат тамойилларини мавзу қилиб олган, мазкур тизимда фаолият олиб бораётган шахслар ёзувчи асарларининг бош қаҳрамонига айланган.

Мулоқотда роман ва қиссалар ёзилишига сабаб бўлган воқеа-ҳодисалар, шахслар ҳақида ижодкор томонидан қизиқарли маълумотлар берилди.
Маънавият ва маданият тадбирлари тарих тилсимоти, қадриятлар бешиги ҳисобланган маскан – Наманган тарихи ва маданияти давлат музейида давом этди.

Суд тизими ходимлари вилоятнинг қадим тарихи ва маданиятидан сўзловчи осори-атиқалар, экспонатлар билан танишди. Музейдан олинган таассуротлар судья ва суд ходимларига маънавий завқ бағишлади.
Вилоят судларининг судья ва ходимлари оила аъзолари билан вилоят мусиқали драма театрида бўлиб, “Ибрат” спектаклини томоша қилишди.

Мухтасар айтганда, Наманган вилояти суди томонидан уюштирилган маданият ва маърифат тадбирлари суд-ҳууқуқ соҳаси вакилларининг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобга, театр санъати ва музейларга бўлган иштиёқни оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири