Маърифатга бағишланган умр
Айрим хонадонлар борки, уларга қадам қўйганингизда оддий уйга эмас, кеча билан бугунни боғлаб турган маънавий бир оламга киргандек бўласиз. Деворларда тарих сўзлайди, жавонларда китоблар жимгина ўз ҳикоясини айтади, қадимий буюмлар эса ўтган авлодлардан дарак беради. Янгиер шаҳрининг “Наврўзобод” маҳалласидаги Маматовлар хонадони ана шундай масканлардан.
Бу хонадонда тарих, адабиёт, санъат ва миллий қадриятлар бир-бири билан уйғунлашган. Бир қарашда оддий хонадон. Аммо унинг бағрида бир неча асрлик тарихдан дарак берувчи осори атиқалар, нодир қўлёзмалар, миллий ҳунармандчилик намуналари, турли даврларга оид суратлар, машҳур инсонлар ҳаёти ва фаолиятига доир манбалар ҳамда 10 мингдан зиёд китоб жамланган. Энг муҳими, бу бойликлар шунчаки асраб қўйилмаган — улар одамларга, айниқса, ёш авлодга хизмат қилмоқда.
Мана шундай эзгу ишларга кўп йиллардан буён бош-қош бўлиб келаётган Бону Маматова Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, юртимиз тараққиёти, ёш авлод тарбияси, маънавият ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдаги самарали фаолияти учун “Соғлом турмуш” медали билан тақдирланди.
[gallery-31088]
Бу мукофот Бону опа учун шунчаки бир нишон эмас. Унинг ортида қирқ йилдан ортиқ меҳнат, китобга садоқат, инсонларга яхшилик қилиш истаги, ёшлар тарбиясига дахлдор ташаббуслар ва миллий қадриятларни асрашга қаратилган саъй-ҳаракатлар мужассам.
Бону Маматованинг китобга бўлган меҳри тасодифан шаклланмаган. Асли Тожикистон Республикасининг Зафаробод туманидан бўлган Бону опа меҳнат фаолиятини 1983 йилда Қипчоқ қишлоғидаги кутубхона мудираси вазифасидан бошлаган. Унинг отаси, марҳум Хўжақул Эшонқулов эса узоқ йиллар Ховос туманидаги 8-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Болалик хотиралари ҳақида сўз кетганда, Бону опа аввало отасини эслайди.
— Отам раҳматли, жуда меҳрибон, илмли ва китобга ошно инсон эди. У киши китобни нафақат ўқир, балки ҳар бир ўқиган нарсасидан ҳаёт учун сабоқ изларди. Уйимизда китоб доимо қадрли буюмлардан бири бўлган. Болалигимдан отамнинг китоб ўқиётганини кўриб катта бўлдим. Балки менинг ҳам китобга ошно бўлишим, унга меҳр қўйишим, бугунга қадар китоб ва маърифат билан яшаб келаётганимнинг илдизи шундадир. Отамдан менга қолган энг катта мерос мол-дунё эмас, китобга, илмга ва инсонларга ҳурмат туйғуси бўлди, — дейди Бону Маматова.
1917 йилда туғилган Хўжақул бобо учун китоб оддий қоғозлар жамланмаси эмас, инсонни камолотга етаклайдиган маънавий бойлик эди. У фарзандларига ҳам илм ва маърифатни қадрлашни ўргатди. Бугун Бону опанинг ҳаёт йўлига назар ташлар эканмиз, отасидан олган ана шу сабоқ унинг бутун фаолиятига сингиб кетганини кўрамиз.
Турмуш қургач, Бону Маматова турмуш ўртоғи Абдуқул Маматов билан Янгиер шаҳрининг “Наврўзобод” маҳалласида истиқомат қила бошлади. Оилада уч ўғил ва бир қиз вояга етди. Асли касби ҳайдовчилик бўлган Абдуқул ака ҳам турмуш ўртоғининг маърифат йўлидаги интилишларини доимо қўллаб-қувватлади. Шу тариқа бу хонадонда йиллар давомида нафақат фарзандлар, балки китоблар, тарихий буюмлар, санъат асарлари ва эзгу ғоялар ҳам кўпайиб борди.
Дастлаб хонадондаги тарихий буюмлар ва китоблар оилавий хотира сифатида асраб келинган. Вақт ўтиши билан уларни кенг жамоатчиликка танитиш, ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш истаги устувор мақсадга айланди.
— Хонадонимизда уй-музей ва кутубхона ташкил этиш ғояси давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббус руҳида юзага келди. Ўша пайтда турмуш ўртоғим билан бирга умра зиёрати учун жамғарган маблағларимизни ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қиладиган хайрли ишларга йўналтиришга қарор қилдик. “Бу маблағни ўзимиз учун эмас, фарзандларимиз ва ёшлар учун қоладиган маънавий меросга айлантирсак-чи?” деган фикр бизни руҳлантирди. Шу тариқа ишни бошладик, — дейди Бону опа.
Ўша вақтда хонадонда 200–300 та китоб, саноқли осори атиқалар ва бир неча миллий ҳунармандчилик намуналари бор эди. Аммо эзгу ният билан бошланган иш йиллар давомида катта маънавий ҳаракатга айланди. Одамлар ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ўзларидаги ноёб китоблар, тарихий буюмлар, эсдаликлар ва турли манбаларни тақдим эта бошлади.
— Кутубхона фондидаги китоблар сони 10 мингдан ошди. Хонадонимизда сақланаётган ва намойиш этилаётган осори атиқалар, миллий ҳунармандчилик намуналари, мамлакатимиз тарихи, тараққиёти ва бугунги ҳаётини акс эттирувчи кўргазмали воситалар, фотосуратлар, машҳур инсонлар ҳаёти ва фаолиятига оид манбалар ҳам 3500 га яқинлашди. Бу бойликларнинг кўпайиб бораётгани қувонарли. Лекин мен учун уларнинг сонидан ҳам одамларга, айниқса, ёшларга наф келтираётгани муҳим, — дейди Бону Маматова.
Бугун Маматовлар хонадонини бемалол уй-музей деб аташ мумкин. Унда XVI, XVII ва XVIII асрларга оид турли тарихий ашёлар, қўлёзма манбалар, ўзбек, тожик, форс ва рус тилларидаги китоблар, миллий ҳунармандчилик намуналари сақланади.
Экспонатлар орасида “Тошкент йўлбарси” номи билан машҳур, ўзбек бокси афсонаси Руфат Рисқиев тақдим этган бокс қўлқопи ҳам бор. Ҳудудда бир пайтлар фаолият юритган керамика заводида ишлаб чиқарилган, биринчи космонавт, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Юрий Гагарин дастхати туширилган керамика қувур ҳам ноёб экспонат сифатида асраб келинади.
Турли даврларга оид фотосуратлар, юртимизнинг бетакрор табиатини акс эттирган рангтасвир асарлари, ўзбек ва тожик халқларининг қадимий ҳунармандчилик анъаналарини ўзида мужассам этган кашта, зардевор ва сўзаналар хонадонга ўзига хос кўрк бағишлаган.
Бону опанинг фикрича, тарихни шунчаки сақлашнинг ўзи кифоя эмас. Уни англаш ва келажак авлодга етказиш ҳам керак.
— Тарих музейда сақланиши керак, деган тушунчанинг ўзи етарли эмас. Тарих инсон ҳаётига яқин бўлиши керак. Ёш бола қадимий буюмни кўриб, “Бу нима?”, “Қачон ишлатилган?”, “Бунинг тарихи қандай?” деб савол берса, ана шу саволнинг ўзи биз учун катта натижа. Чунки савол туғилган жойда қизиқиш, қизиқиш бор жойда эса изланиш пайдо бўлади. Шунинг учун ҳар бир буюмни асрабгина қолмай, унинг тарихини ҳам келажак авлодга етказишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди у.
Хонадонда ташкил этилган “Бону опа” зиё маскани бу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Бугун бу ерда китобхонлар учун шинам ўқув зали, электрон китоблардан фойдаланиш имконини берувчи компьютер хонаси ва турли йўналишдаги адабиётлар жамланган кутубхона мавжуд.
Бу масканнинг эшиги ёшлар, китобсеварлар, олимлар, шоир ва ёзувчилар учун очиқ. Маҳалладаги 5-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирокида турли маърифий тадбирлар, ижодкорлар билан учрашувлар ўтказиб келинади.
— Китоблар сонининг кўпайганидан қувонаман, албатта. Лекин мен учун китобнинг сонидан ҳам уни ўқиётган инсонлар кўпайиши муҳим. Жавонда турган китоб эмас, ўқилган китоб инсон ҳаётига таъсир қилади. Зиё масканига келган ёшларнинг китоб олиб, мутолаа қилиб кетиши, ўқиган асари ҳақида фикр билдириши мен учун энг катта қувонч, — дейди Бону опа.
Маматовлар оиласида Навоий ва Бобур ижодига ҳам алоҳида эҳтиром билан қаралади. Буюк алломалар таваллуди муносабати билан маърифий кечалар ўтказилиб, ёшлар мумтоз адабиёт намуналари билан таништирилади. Хонадонида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, турли ташкилотлар ва таниқли ижодкорлар томонидан туҳфа қилинган китоблар ҳам алоҳида асраб келинади.
Маърифат билан бирга миллий санъат ҳам бу хонадонда муносиб ўрин эгаллаган. Бону Маматова ташаббуси билан “Наврўзобод” маҳалласида ташкил этилган “Аяжонлар” фольклор-этнографик жамоаси бугун шаҳар ва вилоят миқёсида танилиб улгурган.
Малика Турдибоева, Ойсара Гулмадова, Оқилой Бердибоева, Жамила Ҳусаинова, Феруза Джабборова ва Назокат Мирзаевалардан иборат жамоа халқ қўшиқлари, лапарлар ва миллий оҳангларни ижро этиб, миллий санъатнинг қадимий намуналарини янги авлодга етказиб келмоқда.
“Аяжонлар” Наврўз, Мустақиллик байрамлари, “Қовун сайли” каби тадбирларда мунтазам иштирок этади. 2023 йилда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Миллий боғида Президентимиз иштирокида ўтказилган Наврўз байрамида жамоанинг уч нафар аъзоси иштирок этиб, ўз санъати билан томошабинлар олқишига сазовор бўлган.
2023–2024 йилларда Республика Тожик миллий маркази томонидан ташкил этилган миллий байрам тадбирларида ҳам жамоа аъзолари ўзбек ва тожик тилларида қўшиқлар ижро этиб, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.
Жамоанинг ижодий фаолияти Ўзбекистон телевидениесининг “Рангинкамон” кўрсатувида махсус лавҳа орқали ёритилди. “Бағри кенг диёр” кўрсатуви ҳамда Сирдарё вилояти телевидениесининг турли дастурларидаги чиқишлари орқали уларнинг санъати кенг жамоатчиликка таниш бўлди.
“Аяжонлар” “Уч авлод учрашуви”, ўзбек ва тожик ижодкорларининг дўстлик адабий гурунги, сирдарёлик ва наманганлик журналистларнинг биродарлик учрашувлари, “Маънавият марафони” каби тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Бону Маматова маънавиятни фақат сўзда тарғиб қилмайди, уни кундалик ҳаётга сингдиришга ҳаракат қилади. Хонадонда тўқувчилик, бичувчилик, тикувчилик ва рассомлик тўгаракларининг ташкил этилгани ҳам шундан далолат.
Маматовлар хонадонининг “Энг намунали хонадон”, “Ибратли хонадон” номинацияларида ғолиб деб топилгани ҳам бежиз эмас. Бону Маматова “Мўътабар аёл” ва “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Энди эса унинг кўксида “Соғлом турмуш” медали ҳам бор.
Бу мукофот ҳақида гапирар экан, Бону опанинг овозида ҳаяжон сезилади.
— Президентимизнинг давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги қарори мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Бу хабарни эшитган пайтимда ҳаяжонимнинг чеки бўлмади. Инсон йиллар давомида қилган ишлари эътироф этилса, албатта, қувонади. Лекин мен бу мукофотни фақат ўзимга берилган мукофот деб қабул қилмайман. Бу — оиламиз билан бирга қилган ишларимизга, китобга, маърифатга, миллий қадриятларимизга бўлган меҳримизга берилган юксак эътибор деб биламан.
“Соғлом турмуш” медалини кўксимга таққанда, бир томондан қувонч, иккинчи томондан масъулиятни ҳис қилдим. Энди янада кўпроқ ишлаш, ёшлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, зиё масканимиз имкониятларини кенгайтириш керак, деган фикр пайдо бўлди. Мукофот мен учун якун эмас, аксинча, янги мақсадлар сари яна бир қадам бўлди, — дейди Бону опа.
Унинг учун соғлом турмуш тушунчаси ҳам кенг маънога эга.
— Менимча, соғлом турмуш деганда фақат жисмоний саломатликни тушуниш тўғри эмас. Инсоннинг фикри соғлом, қалби пок, мақсади эзгу бўлиши ҳам муҳим. Китоб ўқиган, илмга интилаётган, ҳунар ўрганаётган, миллий қадриятларини билган ёшнинг ҳаёти ҳам мазмунли бўлади. Шу маънода, бу медаль менинг бутун фаолиятимга яқин тушади деб ўйлайман, — дейди у.
Бону опанинг келгуси режалари ҳам катта. Хусусан, хонадондаги музейни янада кенгайтириш, тўпланган бойликларни тизимлаштириш, улар ҳақидаги маълумотларни жамлаш ва алоҳида уй-музей ташкил этиш нияти бор.
— Келгусида режаларим катта. Энг катта истагим — хонадонимиздан ташқарида алоҳида уй-музей очиш. Ҳозир уйимизга келган ҳар бир меҳмонни қабул қилиш, экспонатларни намойиш этиш ва китобхонлар учун шароит яратиш имкониятимиз бор. Аммо тўпланган бойликларимиз тобора кўпайиб бормоқда. Шунинг учун уларни янада тизимли жойлаштириш, ҳар бир экспонатнинг тарихини келажак авлод учун сақлаб қолишни истайман.
Бу маскан фақат музей эмас, балки ёшлар келиб китоб ўқийдиган, олим ва ижодкорлар билан учрашадиган, миллий ҳунарларни ўрганадиган, тарих ва маънавият ҳақида суҳбатлар ўтказиладиган ҳақиқий маърифат маркази бўлишини хоҳлайман. Агар бу ниятим амалга ошса, йиллар давомида тўплаган бойликларимизнинг энг катта қадри ҳам шу бўлади. Чунки бизга қолган меросни шунчаки сақлаб қўйиш эмас, уни келажак авлодга етказиш муҳим, — дейди Бону Маматова.
Аслида, унинг бутун ҳаёт йўли бир фикр атрофида бирлашади: инсон ўзидан кейин нимадир қолдириши керак. Бу мол-дунё ёки бойлик эмас, балки одамларга асқатадиган билим, эзгулик ва маънавий мерос бўлса, кифоя.
Бону опанинг орзуси ҳам оддий, аммо мазмунли:— Менинг орзуим жуда оддий: бу хонадонга кирган бола қўлига китоб олиб чиқсин, тарихий буюмни кўриб аждодлари ҳақида ўйласин, миллий қўшиқни эшитиб ўзлигини ҳис қилсин, бирор ҳунар ўрганиб, ўз қобилиятини кашф этсин. Агар биз шуни уддаласак, йиллар давомида қилган меҳнатимиз зое кетмаган бўлади. Инсондан қоладиган энг катта мерос ҳам шу — унинг эзгу ишлари ва бошқалар қалбида уйғотган яхшиликлари.
Маматовлар хонадони ана шу фикрнинг ҳаётий исботи. Бу ерда тарих сақланади, китоб мутолаа қилинади, миллий қўшиқлар янграйди, ҳунар ўрганилади, авлодлар суҳбатлашади. Энг муҳими, бу хонадонда маърифат авлоддан авлодга узатилади.
Бону Маматовага топширилган “Соғлом турмуш” медали эса бир инсоннинг эмас, эзгуликка, маърифатга, миллий қадриятларга ва соғлом авлод тарбиясига бағишланган умрнинг эътирофидир.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА