Маърифатчилар сафари - маънавият зафари
Улуғ мақсадлар сари талпинган халқнинг руҳияти тетик, кайфияти кўтаринки бўлиши табиий.
Жорий йил 21-22 апрель кунлари Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига сафари айрича мазмун-моҳият касб этди.
Сафарнинг илк куни янги туман - Кўкдаладан бошлангани, Чироқчи, Қарши, Касби, Косон ва Ғузор туманларида бўлиш ва халқ билан мулоқотлар давлат раҳбарининг маҳаллий аҳолига бўлган меҳрини ифода этса, маънавият ва маърифат аҳли, театр ва кино санъати ижодкорларининг ўз санъатини намойиш этиш учун сафарбар этилиши худди шу меҳрнинг муҳри бўлди десак, хато бўлмайди.

"Афросиёб" поезди орқали Қашқадарёга йўл олган, 300 га яқин бир гуруҳ таниқли ва тажрибали зиёлилардан таркиб топган "Маърифат карвони" ҳам давлатимиз раҳбарининг истаклари ва изҳори ифодаси ўрнида катта аҳамият касб этгани рост. Ёзувчи, шоир, олим, театр ва кино ижодкорлари, бир сўз билан айтганда, маърифат тарғиботчилари тушган поезд Қарши шаҳрига тушгани ҳамоноқ маҳаллий аҳолининг карнай-сурнай садолари билан кутиб олишлари бир олам қувонч бахш этди. Маърифатчилар сафарини маънавият зафарига айланишида ҳамроҳлик қилиб келган Президентнинг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосарлари Нодиржон Холбўтаев, Абдурашид Жўрабоев, Президент девони шўба мудири Нодирбек Сайфуллаев, Ўзбекистон республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Муроджон Мажидов, Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ва бошқа мутасадди раҳбарларнинг хизмати ва ташкилотчилиги алоҳида эътиборга молик.

Шу куни Нишон тумани ҳокимлиги олдидаги кўл атрофидаги майдончада катта концерт намойиш этилди. Бу дастурда Ўзбекистон Республикаси Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ сўзга чиқиб, ташрифдан мақсад Давлатимиз раҳбарининг ишончи, ерлик аҳолига бўлган меҳрини ифода этиш ва олиб борилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, янги Ўзбекистон инсон қадри улуғланадиган юрт эканини ҳаётий мисоллар асосида тушунтириш тарғиботчиларнинг вазифаси эканини алоҳида уқтириб ўтди.
Худди шу мазмун ва руҳ Нишон тумани ҳокими Муҳторжон Ҳайитмуродовнинг чиқишида ҳам акс этди. Кейин эса санъаткорларнинг чиқиши, дилрабо куй ва тароналар нишонликларнинг қалбига ўзгача бир шукуҳ солди десак, муболаға бўлмайди. Бу борада таниқли қўшиқчилар Азим Муллахонов, Анвар Собиров, Дилфуза Раҳимова, Алижон Исоқов ва бошқа санъаткорларнинг ижроси кўпчиликка маъқул келди. Бу завқу шавқ эртасигаёқ 3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Қашқадарёдаги 813 та маҳалла ва қишлоқлар бўйлаб тарала бошлади. Уларнинг кайфиятини кўтариш, руҳиятини тетик қилиш билан боғлиқ хилма-хил дастурлар эътиборни тортмасдан қолмади.

Эртасигаёқ барча маърифат тарғиботчилари муайян режа ва дастурлар асосида ўзларига тегишли бўлган тумандаги маҳаллаларга тарқалишди ва ўз вазифаларини сидқидилдан адо этишга астойдил киришиб кетишди.
Учрашувлар чоғида ўзларининг нашр этилган китобларини савол ва жавоблар орқали фаол, билимдон ўқувчи ёшларга дастхат ёзиб тақдим қилиб, уларга олам-олам қувонч бахш этишарди.
Гуруҳ таркибидаги Ўзбекистон халқ ҳофизи Бекназар Дўстмуродов, театр актёри Раҳматжон Қурбонов, хушовоз хонанда Нигора Дўстмуродова, иқтидорли шоиралардан Зилола Хўжаниёзова, Нилуфар Умароваларнинг чиқишларини аҳоли айрича завқ билан қабул қилди.

Хусусан, Касби туманидаги «Юксалиш», «Қорақўнғирот», "Обод юрт", "Фазли", "Жизза", "Месит", "Хўжақарлиқ" маҳаллаларида, Хўжаҳайрон, Зарқуноқ, Саригужум қишлоқларида бўлиб маҳаллий аҳоли билан дилдан самимий суҳбатлар ташкил этилди. Тадбирлар асносида Султон Мир Ҳайдар зиёратгоҳига йўл олинди.
Маърифатчиларнинг сафари маънавият зафарига айланаркан, янги Ўзбекистон улкан мақсадлар, ҳаётбахш орзу умидларнинг ушалувига имкон туғдирувчи юрт эканига шубҳа йўқ.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети доценти