"Маърифат улашиб": ижодкорлар талабалар билан учрашди (+видео)
"Маърифат улашиб” лойиҳаси пойтахт таълим масканларида адабиёт ва ижодкорлик руҳини жонлантирди. Таниқли ижодкорлар билан мулоқот ёшлар қалбида ўчмас из қолдирди.
"Маърифат улашиб” лойиҳасининг бу галги дастури ўзига хос тарзда бошланди. Куннинг биринчи ярмида ижодкорлар Янгийўл туманидаги 2-, 3- ва 6-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар билан учрашдилар. Ушбу мулоқотларда китобхонликни тарғиб қилиш, адабиётга меҳр уйғотиш, маърифат ва ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мактаблардаги учрашувларда таниқли ижодкорлар Шаҳодат Исохонова, Ҳулкар Ҳамроева ва Нуриддин Расулов иштирок этиб, ўз ҳаёт ва фаолият йўллари, мумтоз адабиётга кириб келишлари ҳамда бой ижодий тажрибалари ҳақида сўзлаб бердилар. Ўқувчилар билан самимий суҳбатлар, савол-жавоблар ва фикр алмашинувлар қизиқарли тарзда ўтди.
Куннинг иккинчи ярмида лойиҳа доирасидаги адабий-маърифий учрашув Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида давом этди. Тадбирда дастлаб талаба-ёшлар ўртасида заковат интеллектуал ўйини ташкил этилди. Сўнгра талабалар ижодкорлар билан адабиёт, шеърият ва маънавиятга оид долзарб мавзуларда эркин мулоқот қилдилар. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга устозлардан атрофлича жавоб олдилар.
“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасидаги бу каби учрашувлар ёш авлодни китобхонликка кенг жалб этиш, уларнинг адабиётга қизиқишини ошириш, ижодкорлар билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш ҳамда маънавий-маърифий дунёқарашини бойитишга хизмат қилмоқда.
Санжар Тошпўлатов,
Ойбек Давронов,
Улуғбек Тўхтаев, ЎзА