Маърифат масканлари бўйлаб саёҳат (+видео)
Фарғона вилоятидан бир гуруҳ журналистларнинг Тошкент шаҳрига сафари унутилмас таассуротларга бой бўлди. Сафар давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатимизнинг янги қиёфасини акс эттирувчи йирик маънавий-маърифий ва тарихий масканлар билан яқиндан танишдилар.
Дастлаб журналистлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Мазкур марказ халқимизнинг кўп асрлик маънавий мероси, буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий меросини замонавий усулларда намойиш этувчи йирик илмий-маърифий мажмуа ҳисобланади. Марказ экспозицияларида Исломдан аввалги цивилизациялар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига бағишланган бўлимлар жой олган. Марказ миллий ва умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш, ёш авлодни маърифат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.



– Инсонларга ислом нурини тарқатувчи ва бу ҳақида бой билимларни берувчи, айниқса, Ўзбекистон, ўзбек миллати тарихини улкан илмий-амалий манбалар асосида намоён этган маъриф марказ – “Ислом цивилизацияси”маркази бир умрлик таассурот қолдирди, – дейди “Бешариқ тонги” газетаси бош муҳаррири Собиржон Темиров. – Шундай улкан мажмуани бунёд этишда ташаббускор бўлган Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз.


– Ислоҳотларни ёритадиган забардаст журналистлар бор эди сафимизда. Аммо бизга, ҳар биримизга алоҳида эътибор қаратилди. Зарур барча ахборот ва маълумотлар билан таъминландик, – дейди “Бағдод ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Олимжон Ҳотамов. – Бундай имконият учун, аввало, Касаба уюшмалари ва Журналистлар уюшмасига миннатдорчилик билдираман.


Журналистлар учун, айниқса, Янги Ўзбекистон боғига ташриф катта таассурот қолдирди. Кенг ва замонавий инфратузилмага эга мазкур боғ мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг ёрқин намунасидир. Боғ ҳудудидаги муҳташам иншоотлар, яшил майдонлар ва дам олиш масканлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Инсон қадри учун амалга оширилаётган кўплаб лойиҳаларни кўриб қувондик, – дейди “Данғара” газетаси бош муҳаррири Ўктамхон Акбарова.
– Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан бир нечта чет мамлакатларда бўлганмиз. Масалан, Кореяда йўқдан бор қилингандек туризм қишлоғини барпо қилишган. Биз ўшанда газетамизда қачон юртимизда шундай музейлар бўлади, деб ёзгандик, – дейди “Марказий Фарғона” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Азимжон Худойқулов. – Чунки бизнинг бой тарихимиз, биринчи, иккинчи уйғониш даврлари ҳар қандай эътирофга муносиб. “Ислом цивилизацияси” марказида биз шуларни кўрдик. У бежиз Гиннеслар китобига киритилмаган экан.
Ўзбекистон тарихида Иккинчи жаҳон уруши халқнинг жасорат ва мардлигини намоён этган давр сифатида муҳрланган. Журналистлар бу ерда ташкил этилган ёдгорликлар ва музей билан танишдилар.

Ўзбекистон дунёга тараннум этилгани каби, дунё ҳам Ўзбекистонда ўзини намойиш этмоқда. Ижодий гуруҳ шаҳар марказидаги мега сити кўчалари бўйлаб сайр қилдилар.
Сафар давомида журналистлар мамлакатимизда маданий меросни асраб-авайлаш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва аҳоли учун замонавий дам олиш масканларини барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишдилар. Бу каби амалий сафарлар оммавий ахборот воситалари ходимларининг билим ва тажрибасини бойитиш, юртимиз тараққиётини кенг жамоатчиликка холис ва таъсирчан тарзда етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Фарғоналик журналистларнинг Тошкентга сафари Касаба уюшмалари Фарғона вилоят кенгаши ҳамкорлигида бўлиб ўтди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cC1mO4phN-4" title="Ma’rifat maskanlari bo‘ylab sayohat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА