Марҳум ҳарбий хизматчилар ёд этилди
Юртимизда ўз Ватани ва халқи учун жонини фидо қилган инсонлар хотирасини пок сақлаш, уларнинг оилаларидан хабар олиш, кўнглини кўтаришга эътибор қаратилмоқда.
Наманганда мамлакатимиз Қуролли кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва Поп тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳарбий хизматни ўтаётган вақтда вафот этганларнинг оилалари ҳолидан хабар олинди.

Тумандаги Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Махсуда Баҳриддинова, Уйғур маҳалласида яшовчи Ҳалима Баҳриддинова, “Янги маҳалла” маҳалла фуқаролар йиғинида турувчи Замира Маманазарованинг хонадонига борилди. Уларга совғалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Ватанни севмоқ иймондандир, дейишади. Байрам арафасидаги мана шундай тадбирлар Ватан учун жонини фидо қилганларни халқимиз асло унутмаслигининг далилидир. Бу эса ёш авлод қалбида ватанпарварлик, юртга дахлдорлик ҳисси ошишига, она Ватанга бўлган муҳаббат туйғуси янада жўш уришига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА