Марғилоннинг Зуҳро маҳалласи янги қиёфага кирди
Марғилон шаҳридаги Зуҳро маҳалласида «Обод маҳалла, обод кўча, обод уй» тамойили доирасида амалга оширилган ишлар бугун олти мингдан ортиқ аҳолининг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.
Инсон қадрини улуғлаш, аввало, унинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашда, яшаши, меҳнат қилиши, билим олиши ва дам олиши учун зарур шароитларни яратишда намоён бўлади. Маҳалладаги янгиланишларнинг мазмун-моҳияти ҳам айнан шундан иборат.
Бунёдкорлик ишлари давомида аҳолини йиллар мобайнида ташвишга солиб келган қатор масалалар ҳал этилди. Қишда лой, ёзда чанг бўлган кўчалар текисланиб, асфальт ётқизилди. Тунги ёритиш тизими ўрнатилди, пиёдалар ва велосипедчилар учун йўлаклар, соғломлаштириш хиёбонлари барпо этилди.
Ҳудудни кўкаламзорлаштириш ва яшил майдонларни сув билан таъминлаш мақсадида битта суғориш қудуғи қазилди, 6,5 километр суғориш тармоғи тортилди, 1,6 километр ариқ бетонланди. Маҳаллага 1100 дан ортиқ манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди.
[photobank-Фото ID: 478216]
«Обод уй» мезони асосида кўп қаватли уйларнинг ташқи қисми тўлиқ таъмирланди, уларнинг атрофи тартибга келтирилди. Учта болалар ўйин ва спорт майдончаси ҳамда чиқинди йиғиш шохобчаси қурилди.
Янги Нуронийлар маскани, китобхонлик кафеси ва кутубхона аҳоли ихтиёрига топширилди. Ушбу масканлар кексаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, ёшларнинг билим ва дунёқарашини бойитиши, маҳаллада маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маҳалла фуқаролар йиғини биноси таъмирланиб, «маҳалла еттилиги» фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Бу имкониятлар аҳоли билан бевосита ишлаш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва муаммоларга маҳалланинг ўзида ечим топишда муҳим аҳамиятга эга.
Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар ҳам давом эттирилмоқда. Реновация дастури доирасида эскирган олтита уй ўрнида 96 хонадондан иборат, икки подъездли тўққиз қаватли турар жой қурилиши бошланди.
Маҳалладаги ўзгаришлар аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш чоралари билан биргаликда олиб борилди. Ҳунармандлик ва тадбиркорлик маҳалланинг ўсиш нуқталари сифатида белгиланиб, юз нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди. Марказий кўчаларда кечаю кундуз фаолият юритадиган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилди.
Бугун Зуҳро маҳалласида яна бир янги иншоот – “Меҳнат” ўйингоҳи очилди. У тубдан янгиланиб, спорт машғулотлари ва тўгараклар фаолияти учун зарур имкониятлар яратилди.
Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди ва сўзга чиқди.
– Умид қиламизки, бу ерда шуғулланадиган ёшларимиз орасидан келгусида вилоятимиз ва мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчилар етишиб чиқади, – деди вилоят ҳокими.
Бугун Зуҳро маҳалласи Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳаллага айланмоқда.
“Инсон қадри учун” тамойилининг амалий натижаси ҳам одамларнинг турмушидаги ана шундай ижобий ўзгаришларда намоён бўлади.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео,сурат),
ЎзА