Марғилонда адабий дўстлик ва китобхонлик байрами (+видео)
Марғилон шаҳрида «Адабий дўстлик – абадий дўстлик» шиори остида халқаро адабиёт ва китобхонлик фестивали ўз ишини бошлади.
Адабиёт ихлосмандлари, шоир ва ёзувчилар, таржимонлар, олимлар, ноширлар ҳамда китобхонларни бир даврага жамлаган мазкур маънавий-маърифий тадбир халқлар ўртасидаги адабий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий адабиётларни кенг тарғиб этиш ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унинг ишида Россия, Америка, Туркия каби Европа ва Осиёнинг 30 га яқин мамлакатларидан келган ёзувчи ва шоирлар иштирок этмоқда.

– Фестивалнинг бош ғояси – адабиёт орқали халқларни яқинлаштириш, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдир, – деди тадбирни очиб берар экан вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов. – Зеро, бадиий адабиёт инсон қалбига йўл топадиган, турли тил ва маданият эгаларини муштарак қадриятлар атрофида бирлаштирадиган беқиёс маънавий кучдир.
Шундан сўнг Фестиваль иштирокчилари “Водий гавҳари” – “Бурҳониддин Марғиноний” илмий- маърифий ва туризм мажмуасида ташкил этилган китоблар кўргазмаси билан танишдилар.
Бугунги глобаллашув даврида китобхонликни ривожлантириш, ёшларни мутолаага кенг жалб этиш, уларнинг бадиий тафаккури ва дунёқарашини бойитиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, халқаро фестиваль ижод аҳли ва китобсеварлар ўртасида фикр алмашиш, янги адабий ташаббусларни илгари суриш, халқлар адабиётининг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

Шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ҳар бир китоб растаси ёнида тўхтар экан, ўзаро баҳс ва мулоқотга киришдилар. Адабий ҳамкорликни ривожлантириш, асарларни хорижий тилларга таржима қилиш, миллий адабиётлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда фикр алмашдилар.
Фестиваль “Мирзакарим Қутидорнинг рамзий ҳовлиси” да шеърхонлик билан давом этди.
Марғилонда бошланган мазкур фестиваль адабиётнинг чегара билмас кучини яна бир бор намоён этиб, қалбларни қалбларга боғлайдиган, халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган маънавий кўприк вазифасини ўташи билан аҳамиятлидир.

Чунки адабий дўстлик бу нафақат ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорлик, балки халқларнинг бир-бирини англаши, қадриятларини ҳурмат қилиши ва келажакка ҳамжиҳатликда интилиши ҳамдир. «Адабий дўстлик – абадий дўстлик» шиорида мужассам бўлган ана шу эзгу ғоя фестивалнинг асосий мазмун-моҳиятини белгилайди.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА