Мардикор аёлнинг дардига дармон борми?
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси масъуллари пойтахтимизнинг “Қўйлиқ”, “Эски Жўва” бозорларида, Тошкент туманининг Келес шаҳрида бўлиб, вилоятлардан иш излаб келган хотин-қизлар билан суҳбатлашди, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси масъуллари пойтахтимизнинг “Қўйлиқ”, “Эски Жўва” бозорларида, Тошкент туманининг Келес шаҳрида бўлиб, вилоятлардан иш излаб келган хотин-қизлар билан суҳбатлашди, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганди.
Аёллар мардикорлик қилиши сабабини вилоятларда таклиф қилинаётган иш ўринлари учун тўланадиган ойлик маош камлиги, марказий шаҳарларда уларнинг хизматига юқорироқ нарх тўланиши, аксарият ҳолларда турар жойга эҳтиёжи борлиги, тўй қилиш ва уй-жойларини таъмирлаш, фарзандларининг контракт пулини тўлаш, бемор яқинларини даволатиш учун катта маблағ зарурлиги билан изоҳлади.
– Ҳеч бир аёл оиласидан узоқда, фарзандларини қаровсиз қолдириб, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демасдан сарсон умр кечиришни истамайди, – деди қашқадарёлик Зебо исмли аёл. – Икки йилдан буён мардикор бозорига чиқаман. Уйда вояга етмаган икки боламга кекса, касалманд онам қарайди. Турмушим бузилган, маълумотим йўқ. Маҳалладан моддий ёрдам олиш оилам муаммосини ҳал этолмайди. Уйим йўқ. Бугун Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари келиб биз билан учрашув ўтказди. Масъул ташкилотларга ишончимиз қолмаган. Бу фақат менинг эмас, суҳбатлашиб кўрсангиз, бу ердаги кўпчилик аёлларнинг дарди. Юртимиз тинчлигига шукр қиламиз, фақат мардикор аёлларнинг ҳам “дардига дармон” топилса, биз ҳам ўз уйимизда ўтириб, фарзандларимизни меҳр билан тарбияласак. Юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб ўстирсак...
Мулоқот якунида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аёлларнинг бу каби муаммоларини ҳал этишга кўмаклашди.
Ўрганишлар натижаси бозорларда азоб билан пул топаётган, нозик жуссасига тоғдек ташвишни ортиб олган мардикор аёлларнинг фаровон ҳаётига хизмат қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.