Мард ўғлонлар жасорати асло унутилмайди
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманида 2000 йил бир гуруҳ жангарилар билан тўқнашувда қаҳрамонлик кўрсатиб, ҳалок бўлган Термиз туманилик марҳум ҳарбий хизматчилар Муҳиддин Эштемиров, Музрабодлик Чори Ражабов ва Бойсунлик Машраб Жўраевлар ўқиган 24-, 40- ва Бойсун туманидаги 27- умумтаълим мактабларда мард, жасур ўғлонлар бюсти ўрнатилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимларда Жанубий оператив қўмондонлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарлари, туман ҳокимлари ва давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари, собиқ тинчлигимиз посбонларининг қавму-қариндошлари, дўстлари иштирок этди.

Тадбирларда истиқлол йиллари мамлакатимиз мустақиллиги учун жон бериб, кўкрагини Ватан ҳимояси, халқимиз тинчлигига қалқон қилган мард, қўрқмас, жасур ўғлонлар хотираси абадий барҳаёт экани таькидланди. Уларнинг жасоратга йўғрилган ҳаёт йўли ва истиқлолнинг 30 йиллик байрами кенг нишонланаётган шу кунларда таълим муассасаларига ўрнатилган бюстлар ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Жанубдаги воҳанинг тоғли Сариосиё ва Узун туманларида юз берган қўпорувчилик ҳаракатлари чоғида мардлик намуналарини кўрсатган марҳум сержант Муҳиддин Эштемиров, Машраб Жўраев ва катта лейтенант Чори Ражабовлар қисқа, аммо шарафли ҳаёт йўлини босиб ўтди. Жангарилар билан тўқнашувларда мардлик намунасини кўрсатди. Мустақил Она Ватанга, қасамёдига содиқ эканини кенг намоён этди. Вафотидан сўнг Ватанимиз осайишталиги йўлидаги шарафли хизматлари давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Маросимда марҳум ҳарбий хизматчиларнинг юксак фазилатлари ёдга олинди. Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев "Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги" кўкрак нишонини уларнинг яқинларига тантанали топширди.

Таьлим муассасаларида марҳум ҳарбий хизматчиларнинг синфдошлари учун махсус ўқув соати ташкил этилиб, биринчи устозлари ўқув машғулот ўтказди. Собиқ ҳарбий хизматчиларнинг мактаб давридаги болалик даври, ўқувчилик йиллари хотирланди. Синфлари ҳарбий ўқув воситалари билан жиҳозланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА