Мард ўғлонлар ҳарбий хизматга йўл олди
Термиз шаҳридаги Хотира майдонида муддатли ҳарбий хизматга йўл олган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари, нуронийлар иштирок этган тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев ва бошқалар Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тинч, осуда ҳаётимизни таьминлашда муҳим омил бўлаётганини таькидлади. Бу жараёнда фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тартиб-таомиллари ва муддатлари такомиллаштирилгани жисмонан соғлом, маьнан баркамол йигитларни саралаб олишда юксак самаралар бераётгани қайд этилди.

–Бугун ўғлим Шоҳқамбарни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросимида иштирок этаётганимдан қувончим чексиз, – дейди қизириқ туманилик Наргиза Намазова. – 8 март –Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида унинг Ватан ҳимоясига отлангани мен учун ажойиб совға бўлди. Ахир, она учун фарзанди орзуси руёбга чиқишини кўришдан ортиқ бахт борми?
Тадбирда аскарларнинг кундалик ҳаёти учун зарур гигиена воситалари ва "Армия ҳаёт" мактаби китобчаси туҳфа қилинди.
–Йигит киши учун Ватан ҳимоясида бўлишдан ортиқ шараф бўлмаса керак, – дейди Денов тумани мудофаа ишлари бўлими чақирилувчиси Азизбек Жумаев. – Саралашнинг барча босқичларидан аьло даражада ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга йўлланма олганимда жуда суюндим. Энди сафдошларим билан олдимизга қўйилган вазифаларни юқори даражада бажариб, муқаддас Ватанимиз ҳимоясида бўламан.
Тантанали маросим якунида йигитлик бурчини шараф билан ўташ учун отланган аскарларга байрамона дастурхон ёзилди. Нуроний отахон ва онажонлар оқ йўл тилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА