Мақсади аниқ, йўли ойдин – Моҳичеҳра Ҳурсанова
Янги Ўзбекистонда ёшларга берилаётган имкониятлар ва имтиёзлардан самарали фойдаланган ҳолда мамлакатимиз ва унинг ривожига ўз ҳиссасини қўшиш орқали она Ватанимизнинг олдидаги фарзандлик бурчини адо этишни ният қилган ёш йигит-қизлар талайгина.
Сирдарё вилояти Сайхунобод туманилик Моҳичеҳра Хурсанова ана шундай ёшлардан бири. У жорий йил Ўзбекистон Республикаси ИИВ Сирдарё академик лицейини аъло баҳоларга тамомлади.
Билимга чанқоқ Моҳичеҳра малакатимиздаги 5 та олий таълим муассасаси – ИИВ Академияси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари, Тошкент давлат педагогика, Гулистон давлат ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетларига ҳужжат топширган ва талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган.
У шу билан бирга иккита хорижий давлат университетлари – Италиянинг “Сапиенца” Рим университети (“Sapienza” università di Roma) ва “Кассино” университети (Università degli studi di Cassino) га давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган эди.
Моҳичеҳра ушбу олий ўқув юртларидан “Сапиенца” Рим университетида (“Sapienza” università di Roma) таҳсил олиш истагини билдирди. Айни вақтда Ўзбекистонда туриб, мазкур университетнинг “Ижтимоий гуманитар фанлар” йўналиши бўйича онлайн шаклда таҳсил олмоқда.
Шу кеча-кундузда Италияга кетишни режалаштираётган Моҳичеҳра бу ерда йўналиш ва фанларни танлов асосида ўқиб-ўрганиш мумкинлигини таъкидлайди. Мазкур университетда лицейда таълим-тарбия олгани боис М.Хурсанова 3 йил давомида ўқийди.
Тарих, она тили ва адабиёти, инглиз тили, ҳуқуқ, психология, миллий истиқлол ғояси каби фанлардан имтиҳон топшириб талаба бўлган изланувчан ўзбек қизи ҳар бир ишда фаол.
– Ҳар бир ўзбекистонлик каби шу юрт келажаги учун хизмат қилиш асосий мақсадим, – дейди М.Хурсанова. – Буни қандай қилиб бажараман, деб доим ўзимга савол берардим. Хорижда ўқиб, билим олиб, бир касбнинг етук мутахассиси бўлиб, ўз юртим келажаги, равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга бел боғладим. Ишонган, қўллаб-қувватлаб, барча имконият ва шароитларни яратиб берган давлатим, халқим олдида масъулиятимни ҳис этиб турибман. Буни оқлашга ҳаракат қиламан.
Моҳичеҳра рақамли асрда III Ренессанс пойдеворини қуришга шай ёшлардан бири сифатида «Сирдарё ифтихори — Олтин фонд» кўкрак нишони ва гувоҳномасига сазовор бўлган. У ижод намуналари жамланган “Умид сўнмасин” китоби муаллифи.
Ш.Суяров, ЎзА