Мақсад: ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш
Сирдарё вилояти “IТ РARK” биносида OzLiDeP вилоят ва Гулистон шаҳар Кенгаши томонидан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратиш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган тадбир ташкил этилди.
Унда “IT - CENTER” Гулистон шаҳар филиали ходимлари, депутатлар, Ёшлар ишлари агентлиги Гулистон шаҳар бўлими, Гулистон давлат университети ва вилоят юридик техникуми талабалари, “Ёшлар парламенти” аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Давра суҳбати шаклида ўтказилган тадбирда OzLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши Аппарат раҳбари, шаҳар кенгаши депутати Лола Кенжаева кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий бўғини ҳисобланиб, бугунги кунда мазкур соҳани жадаллик билан ривожлантириш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини янада кенгайтириш ва рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда. Аммо ёшлар ҳам шунга жавобан, ўз ғоялари, фикрлари, фаоллиги ва ташаббускорлиги билан жавоб бериши керак. Шу билан бирга муҳим сиёсий жараёнларда ўз сўзига эга ёшлар қаторида фаол иштирок этиши муҳим. Хусусан, суҳбатда таъкидланганидек, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Президентлик сайловида ёшлар фаол иштирок этиши лозим.
Тадбирда “IT - CENTER” томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгусидаги режалар ҳам таништирилди.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов( сурат), ЎзА