Мақсад илғор тажрибаларни оммалаштириш
Бухорода Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда вазирлик тизимидаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан “Ўқувчиларда танқидий фикрлашни лойиҳа ишлари орқали шакллантириш” мавзусида икки кунлик семинар-тренинг ўтказилди.

Бухоро шаҳридаги Президент мактабининг илғор тажрибага эга маҳоратли ўқитувчилари тренерлигидаги машғулотлар жараёнида иштирокчилар таълим соҳасидаги янгиликлар, замонавий методикалар, ўқувчиларда креатив ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш усуллари билан танишди. Шунингдек, иштирокчилар ўзаро тажриба алмашди. Мавзу доирасидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

– Мазкур семинарга 300 нафарга яқин инглиз тили ва математика фани ўқитувчилари қамраб олинди, – дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбонов. – Мазкур тренинглардан кўзланган мақсад илғор тажрибалар билан бўлишиш, замонавий методикалар билан таништириш, таълим соҳасидаги янгиликлар билан бўлишиш, ўқувчиларда креатив ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришни ўргатишдан иборат. Эътиборли жиҳати, ҳар бир тренинг машғулотидан сўнг ўқитувчиларга QR код тақдим этилган бўлиб, устозлар махсус манзилда тренинглар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Мазкур ижтимоий сўровнома келажакда ташкил этиладиган тренингларни янада мукаммаллаштиришга ёрдам беради.
Зариф Комилов, ЎзА