Мансабдор шахс пора олаётганда қўлга олинди
Жорий йилнинг 28 декабрь куни Бухоро вилояти прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти, ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада “Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдор шахси С.А. “I.G.A.S. ” МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текшириш якуни бўйича мазкур шохобча фаолиятини тиклаб бериш, “B.A.Y.Q.” МЧЖга қарашли АЁҚШга фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш, 2024 йилда назорат органлари томонидан текшириш эълон қилинганда, унга олдиндан хабар бериш эвазига 100 000 АҚШ доллари пора талаб қилиб, Бухоро шаҳар туғруқ комплекси ёнида кимёвий ишлов берилган 50 000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида қўлга олинади.

Мазкур ҳолат бўйича фуқаро С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибида ушланган.
Ҳозир мазкур жиноят иши бўйича Бухоро вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири