Манҳеттенда ишлаётган жиззахлик қиз
Манҳеттен –Нью-Йоркнинг марказида жойлашган даҳа. Осмонўпар биноларда қабул қилинган қарорлар ҳаётга айланади, вақт эса сониялар билан ўлчанади. Ана шу шиддатли муҳитда, бир қарашда нозик ва сокин, аммо ички оламида улкан кучни яширган бир қиз бор — жиззахлик ҳуқуқшунос Азиза Ражабова.
Уни илк бор кўрганингизда, аввало, табиий камтарлиги ва тартибли қиёфаси эътиборни тортади. Содда, аммо дид билан кийинган, ишонч билан ташланаётган қадам — бу ташқи жиҳатлар ортида ўзини англаган, ёш бўлишига қарамай ҳаётни чуқур ҳис қиладиган шахс турибди. Унинг нигоҳида ўтмиш сабоқлари, бугунги масъулият ва келажакка бўлган ишонч уйғун.
Суҳбат давомида бу тасаввур янада ойдинлашади. Азиза ҳар бир сўзни ўйлаб айтади. Унда шошилиш йўқ, аммо қатъият бор. Бу сокинлик — тарбия, меҳнат ва интизом меваси.
[gallery-28907]
У Жиззах шаҳрида туғилиб, 7-синфгача 19-мактабда, кейин 5-мактабда таълим олди. Оддий оилада улғайди. Аммо бу оддийлик ортида улкан фидойилик ётарди. Отаси Сайфиддин Чаққонов турли давлат ташкилотларида хизмат қилган, онаси Гулҳан Авалбоева эса фарзандларининг таълими учун ўз орзуларини ҳам ортга сурган.
— Бизнинг ютуқларимиз ортида ота-онамнинг тинимсиз меҳнати бор, — дейди Азиза.
У оилада уч фарзанднинг кенжаси. Акаси — Ёрқинбек Ражабов, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, проректор. Опаси — Гулҳаё Ҳасанова, шифокор-эндокринолог ва педагог. Бу хонадонда илм — танлов эмас, табиий эҳтиёж эди.
Азизанинг болалиги китоб билан улғайди. Дарслик етишмаган пайтларда онаси уни тун бўйи қўлда кўчириб берарди. Бу шунчаки меҳр эмас, билимга эътиқод эди. Шу боис у учун илм ҳаёт мазмунига айланди.
Мактабда у фақат аъло баҳолар соҳиби эмас, балки ижодкор ва фаол ўқувчи сифатида танилди. Шеър ёзар, танловларда қатнашар, “Жаҳолатга қарши маърифат” кўрик-танловида республика миқёсида юксак натижаларга эришди.
Устози, тарих фани ўқитувчиси София Тагировна Эфендиева уни шундай эслайди:
— Азиза билимга чанқоқ, изланувчан, ўта интизомли ўқувчи эди. Саволлари чуқур, фикрлари мустақил бўларди. Унинг келажаги ёрқин бўлишини ўшандаёқ ҳис қилганман.
Бу интилиш уни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига бошлаб келди. Кучли рақобатни енгиб, сара талабалар сафидан жой олди. Кейин эса янада катта йўл: хориж, нуфузли университетлар грантлари...
2022 йилда дунёнинг нариги четига учиб бориб, янги ҳаёт бошлади.
Аммо мусофирлик фақат имконият эмас, синов ҳам.
— Мусофирликда сенга ҳеч ким “болам” деб бошингни силамайди, — дейди у. — Ҳар бир қароринг — ўзингники.
Илк йиллар осон кечмади. Соғинч, бегона муҳит, тушунарсиз ҳаёт... У ҳатто узоқ вақт тўлиқ овқатлана олмади. Соғинч таъмни ҳам ўзгартирар экан. Бир бўлак қовун орзуси — бутун бир Ватанга айланди. Шу онда у Заҳириддин Бобурни, унинг юртни соғиниб ёзган сатрларини чуқурроқ ҳис қилди. Ватан — таъм экан, хотира экан, қалбнинг энг оғриқли ва энг муқаддас нуқтаси экан.
Бироқ бу синовлар уни синдирмади. Аксинча, пишитди.
"Penn State" университетида ҳуқуқ бўйича магистратурани грант асосида тамомлаган Азиза бугун Манҳеттендаги “Ballon Stoll P.C.” юридик фирмасида фаолият юритмоқда. У турли соҳаларда ҳуқуқий хизмат кўрсатар экан, айниқса, чет элдаги ватандошлар тақдирига бефарқ эмас.
— Ҳуқуқ — бу фақат қонун эмас, бу ишонч, — дейди у. — Ҳар бир ҳужжат ортида инсон туради.
Ижтимоий тармоқ фаоли Ойбек Алижонов эса Азиза Ражабова ҳақида шундай дейди:
— Азиза — Ўзбекистонимизнинг ёрқин келажаги. У АҚШ осмонида ёрқин нур сочаётган ёшларимиздан бири. У нафақат Жиззахнинг, балки бутун Ўзбекистоннинг фахридир.
Азизанинг илмий изланишлари ҳам замон билан ҳамнафас. Сунъий интеллект, шахсий маълумотлар хавфсизлиги, рақамли дунёда инсон ҳуқуқлари унинг асосий йўналиши.
— Бугун маълумот инсоннинг бир қисми. Уни ҳимоя қилиш инсонни ҳимоя қилиш демак, — дейди у.
Унинг ҳаёт фалсафаси эса содда: “Бошқаларнинг ҳаққи сенга ўтмасин.” Бу насиҳат унга бобосидан юққан ва у буни ҳаёт қоидасига айлантирган.
Азиза Ражабова — бугунги замон ёшларининг ёрқин тимсоли. Унда билим, ирода ва инсонийлик уйғунлашган.
Манҳеттендаги офисда у яна бир ҳужжатни очади. Балки у ҳужжат ортида кимнингдир тақдири, кимнингдир умиди бордир.
Шу пайт англайсан: бу жиззахлик қиз фақат муваффақиятга эришган эмас.
У соғинчни кучга, орзуларни натижага айлантира олган, дунё саҳнида Ватан номини юксакларга олиб чиқаётган Ўзбекистоннинг овози.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири