Маънавиятни юксалтириш йўлида
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан ташкил этилган ОТТ платформаси бугунги кунда самарали фаолият олиб бормоқда.
ОТТ платформа технологияси - турли алоқа операторлари ва провайдерларнинг маълумотларини узатиш тармоқлари орқали фойдаланувчи қурилмасида видеоконтентни етказиб бериш технологияси жадал ривожланмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ташкил этилганига атиги 2 ой бўлган бўлса-да, мазкур платформадаги телеканал ва дастурларни наинки юртимиз аҳли, балки дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан миллиондан зиёд томошабин доимий кузатиб бормоқда. Томошабинларнинг 90 фоизи юртдошларимиз, 10 фоизи эса хорижий мамлакатлар фуқаролари. Уларнинг асосий қисми эса ёш авлод вакилларидир.
Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатламдир. Ҳар бир жамиятнинг тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг маънавияти ва тафаккур даражаси билан белгиланади. Шу маънода, ёшларимиз буюк ўтмишимиз ва бугунги тараққиётимиз мезонларини чуқур ўрганиши лозимлиги ўз-ўзидан ойдинлашади.
МТРК архив фондида диний илмий экспертизадан ўтган, турли талқинга асос бермайдиган даражада ишончли маълумотларга таянланган диний-тасаввуфий, илмий-маърифий, исломшунослик ва тарих, аждодлар мероси каби туркум теледастурлар, алломалар ҳақида ҳужжатли фильмлар, уламо ва имом-хатибларимизнинг маърифий суҳбатлари, ҳадису ривоятлар асосида тайёрланган махсус фильмлар, теленовелла ва ижтимоий телероликларнинг салмоқли базаси мавжуд. Шу маънода, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг ОТТ платформасида ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни соғлом эътиқод ва миллий қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, маданий-маърифий, диний билимларни оширишга қаратилгани "Ҳидоят сари" илмий-маърифий виртуал (онлайн) телеканалини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Теледастурларни интернет орқали кузатиб бориш имконини берувчи, туну кун ишлайдиган "Ҳидоят сари" Илмий-маърифий виртуал (онлайн) телеканалда Ўзбекистон МТРК тизимида ишлаб чиқилган ва ўрнатилган тартибда тегишли илмий, диний экспертизалардан ўтказилган, эфирга узатилган ва бугунги кунда МТРК Архив фондида сақланаётган телемаҳсулотлар ўрин олади.
Хусусан, мамлакатимизда ислом маданияти, илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни обод этиш, муқаддас динимиз мусаффолигини асраш, аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат ҳамда турли миллат ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенглик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг тарғиб этилган теледастурлар, халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, мамлакатимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари билан аҳолини яқиндан таништириб бориш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган чуқур фалсафий ва ибратга йўғрилган илмий-оммабоп ва бадиий кўрсатувлар шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, бугунги глобаллашув даврида инсоният ҳаётига хавф солаётган муаммолар ҳамда оилавий, одоб-ахлоқ ва ёш авлод тарбиясининг долзарб масалалар юзасидан дин соҳаси вакиллари, мутахассис ва олимлари билан баҳс-мунозара ва мулоқотлар, давра суҳбатлари, аҳоли, айниқса ёшларни ғаразли кучлар ва оқимларнинг таъсиридан асраш, терроризм ва экстремизм ғояларининг асл мақсадларини фош этиш, ҳар хил оқимлардан, шу жумладан, «оммавий маданият»нинг зарарли иллатларидан ҳимоя этишга йўналтирилган махсус кўрсатув ва роликларга ҳам кенг ўрин берилади.
Ўзбекистон МТРК ОТТ платформасини мамлакатимиз ва ер юзининг исталган нуқтасидан туриб кузатиб бориш имконияти янада ортиб бораётганини, платформанинг мухлислари сони кун сайин кўпайиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, ташкил этиладиган "Ҳидоят сари" илмий-маърифий виртуал (онлайн) телеканали юртимизда диний бағрикенглик, буюк аждодларимиз, муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларни тарғиб этиш, ёшларимизнинг диний-маърифий билимларини янада оширишда улкан аҳамият касб этади.
ЎзА