Маънавият ва маърифат маскани иш бошлади
Янги йил байрами олдидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Пахтаобод тумани марказида ташкил этилган Маънавият ва маърифат маскани туманда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар қалби ва онгида маънавий фазилатларни юксалтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Туман фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, маънавият тарғиботчилари иштирокида Маънавият ва маърифат маскани очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Пахтаобод тумани ҳокими Шоядбек Бобоев, Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов пахтаободликларни янги маскан очилиши билан муборакбод этди. Кейинги йилларда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, соҳа фаолиятини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
[gallery-15143]
Йиғилиш, учрашув ва семинарлар ўтказишга мўлжалланган зал, кутубхонага эга масканда маънавиятчиларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур барча шароит яратилган.
Тадбир доирасида туман оила ва хотин-қизлар бўлими қошидаги “Қайноналар мактаби” аъзоларининг ёшлар билан учрашуви ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Заковат” баҳси ўтказилди.
Туман маданият уйи санъаткорлари ижросидаги куй, қўшиқ ва рақслар барчага кўтаринки кайфият улашди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари