“Маънавият марафони” ёшларни бирлаштирди
Андижонда “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” ғояси асосидаги маънавият марафони тадбирлари бўлиб ўтди.
Марафон тадбирлари Андижон шаҳридаги “Жоме” меъморий мажмуаси майдонидан бошланди. Унда Маънавият ва маърифат маркази вилоят, туман, шаҳар бўлимлари масъуллари, маънавият тарғиботчилари, меҳнат фахрийлари, ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар, ҳарбийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
– Ёшлар ўртасида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ва мустаҳкамлашда бой ҳаётий тажрибага, билим ва кўникмага эга нуронийлар, таниқли олим ва зиёлилар, ижодкорларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади, – дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Абдулхамид Нурматов. – Шу маънода марафон доирасида улар билан ўтказилган учрашув ва мулоқотлар ёшларнинг маънавий тарбиясини бойитиш, қалбларида она Ватанга, миллий қадриятларга ҳурмат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга, уларнинг фаоллигини ошириш, жамиятга, жараёнларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.
Марафон тадбирлари Андижон давлат университети, Муҳаммад Юсуф номидаги Ижод мактаби, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда ҳамда вилоятнинг қатор туман ва шаҳарларида “Мен одобнинг ўғлиман”, “Аждодлар мардона руҳи бизга ёр!”, “Ўзбекистон – менинг Ватаним!”, “Фазилатли авлод”, “Ҳаё – қиз боланинг зийнати”, “Оила – маънавият қўрғони”, “Ор-номус – йигитнинг кўрки”, “Китоб – менинг энг яқин дўстим”, “Миллий мақом санъати”, “Одамийлик мулки”, “Алпомишлар ўтган бу диёр!”, “Ватаним байроғини баланд кўтараман”, “Миллий қадриятлар” деб номланган лойиҳалар доирасида давом этди.
[gallery-14508]
– Маънавият марафони юртимиз ёшларини янада жипслаштирди, – дейди Андижон давлат чет тиллар институти талабаси Бибимухлиса Ғуломова. – Кексалар, устозлар иштирокидаги тадбирларда қатнашиб, уларнинг панд-насиҳатларини тингладик. Биз ёшлар фақат бирлик, юксак маънавият ва билим билан улкан марраларни забт этишимиз мумкинлигини яна бир бор англаб етдик.
Марҳамат туманида “Миллий дорбозлик санъати” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир, айниқса, юртимиз дорбозлик санъатининг таниқли намоёндаси Юнусжон ота Ғозиев сулоласининг чиқишлари ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Хўжаобод туманида янги иш бошлаган Ахборот кутубхона марказида илмга қизиқувчан ёшлар иштирокида "Инсон китоб билан, китоб инсон билан тирик" мавзусидаги тадбир китобхон ёшлар сафининг кенгайишига, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилди. Ижодкор ёшлар томонидан ташкил этилган мушоира барча иштирокчиларга хуш ва кўтаринки кайфият улашди.
Шунингдек, жажжи болажонларнинг кутубхонага саёҳатида уларга китоб ўқиш инсонни камолотга етказиши тушунтирилди.
Бу каби тадбирлар вилоятнинг қатор туман ва шаҳарларида бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари