Маънавият фестивали таассуротларга бой бўлди
Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий номли “Билимдонлар масканида” Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси остида Сирдарё вилоятида уч кун давом этган “Маънавият фестивали” якунига бағишлаб тадбир ўтказилди.
Президентимизнинг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган фестиваль доирасида “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий”, “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида амалий семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди ва маънавий-маърифий йўналишдаги яна кўплаб лойиҳалар амалга оширилди.

Тадбирда вилоятдаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувиларининг чизган суратлари кўргазмаси йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Ховос туманидаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Беҳруз Раҳматуллаевнинг эксклюзив равишда “Билимдонлар маскани” ҳовлисидаги фонус устунида қўниб турган қушнинг суратини чизгани ва кўргазма пайтида қуш айнан шу жойга келиб қўнгани фестиваль иштирокчилари ҳайратини янада оширди.
Тадбирда пойтахтимиздан маънавият фестивалига келган таниқли санъаткорларнинг чиқишлари томошабинларнинг олқишига сазаввор бўлди.

– Бугунги фестиваль баҳона Сирдарё вилоятининг кўп жойларида бўлдик ва янги Сирдарё ҳар томонлама юксалиб, ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлдик, – Бу кунлар бизда жуда катта таассурот қолдирди, – дейди Ўзбекистон Халқ артисти Гавҳар Зокирова. – Вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида ўтган тадбирлар давомида томошабинлар санъакорларимизнинг ҳар бир чиқишларини олқишлар билан қарши олди. Сирдарёликларнинг бу қадар санъатсеварлиги, юксак маънавият соҳиблари, ёшлари улкан иқтидор эгалари экани, Янги Ўзбекистонимизнинг келажаги мана шундай иқтидорли ёшлар қўлига ўтиши ва халқимиз эртасига ишонч билан қараётгани мени беҳад шодлантирди.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев маънавият фестивалига пойтахт ва республикамизнинг турли ҳудудларидан келган маънавият тарғиботчилари – адабиёт, санъат, маданият вакилларига ўзбекона туҳфа – дўппи ва эсдалик совғалар ҳадя қилди.
Сирдарёда ўтган маънавият фестивали барчада улкан таассурот қолдирди.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА