Маънавий қадрият — она тилига ҳурматдан бошланади
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 37 йил тўлди. Жаҳонда салкам етти мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг фақат 186 тасига давлат тили мақоми берилган. Ўзбек тили ҳам ана шу тиллар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди.
2019 йил 21 октябрдаги Президент қарорига мувофиқ, ҳар йили октябрь ойи «Ўзбек тили ойлиги», 21 октябрь эса «Ўзбек тили байрами куни» сифатида белгиланган.
2026 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Сенатнинг ялпи мажлисида маъқулланган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонуннинг имзоланиши илмий-педагогик, маданий-маънавий ва тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди.
Алифбо масаласи 37 йилдан буён зиёлилар, тилшунос олимлар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётганди. Жумладан, 2023 йил 11 декабрь куни жадид боболаримизнинг маънавий-маърифий меросига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий анжуманда ҳам алифбо масаласи кўтарилган эди.
Ўтган давр мобайнида ҳарфлар ва товушлар билан боғлиқ масалалар юзасидан етакчи тилшунос олимлар томонидан баҳсларда асосли, очиқ фикрлар билдирилди. Мазкур ҳужжатнинг давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиши эса узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган муҳокамаларга муайян маънода якун ясади.
Имзоланган қонун алифбони тубдан ўзгартиргани йўқ. Балки ундаги тўртта муаммоли ҳарф белгиси бугунги кун талаблари асосида такомиллаштирилди, холос. Бунда «бир товуш — бир ҳарф» тамойилига алоҳида эътибор қаратилди. Аввалги ёзувда айрим товушларни ифодалаш учун икки ҳарфдан фойдаланилар, тутуқ белгисини эса баъзан, айниқса, ўқувчилар ва талабалар ёзма ишларида тушириб қолдирар эди. Бундай ўзгаришлар ёзма саводхонликни оширишга хизмат қилади деб ўйлайман.
Тил ва ёзув ҳам замон билан ҳамнафас ривожланиб, такомиллашиб бориши табиий. Ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди, доимо ўзгариш ва тараққиётда давом этади. Демак, ўзбек алифбосига киритилган ўзгартишлар ҳам давр талабидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган. Эндиги асосий вазифа — қонун талабларига тўлиқ риоя қилиш ва унинг ижросини таъминлаш.
Афсуски, қонуннинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англамаган айрим кишилар ижтимоий тармоқларда кўплаб ҳужжатларни ўзгартириш, бунинг учун катта маблағ сарфлаш зарурлиги ҳақида турли фикрларни билдиришмоқда. Бу каби хавотирлар ўринсиз. Қонун талабларига мувофиқ, мавжуд ҳужжатларни оммавий равишда қайта расмийлаштириш ёки янгилаш талаб этилмайди. Гувоҳномалар, дипломлар қайта ёзилмайди. Паспорт ва бошқа ҳужжатлар эса белгиланган тартибда, амал қилиш муддати тугаб, янгиланганида янги алифбо асосида расмийлаштирилади. Шунинг учун бу масалада ортиқча хавотирга ўрин йўқ.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қонун талабларини бажариш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Улуғ файласуф Иммануил Кантнинг шундай ҳикматли гапи бор: «Ботинимизда яшайдиган қонуннинг исми — виждон. Виждон, аслида, хатти-ҳаракатларимизнинг шу қонунга мувофиқ бўлишидир». Бу айни ҳақиқат.
Ўзбек тилини билиш, унда тоза ва равон сўзлаш, хатосиз ёзиш ҳам, виждон ва маданият масаласидир. Энг муҳими, инсоннинг тили унинг савияси, билими ва маънавий даражасини намоён этади.
Шу ўринда бир оғриқли масалага ҳам тўхталиш жоиз. Афсуски, айрим юртдошларимиз ўзбек тилида эркин ва равон фикр баён этишда қийналади. Баъзилари хорижий тилларда фикрлаш таъсирида ўзбекча сўзларни бузиб талаффуз қилади, нутқида жаргон ва маъноси англанмаган иборалардан фойдаланади. Баъзан эса гапираётган фикрининг мазмунига ўзи ҳам тўлиқ эътибор бермайди. Бу ҳолат тил маданияти ва нутқ саводхонлигига янада жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Иммануил Кантнинг «Фикрларни ёд олиш шарт эмас, балки мустақил фикрлашни ўрганмоқ лозим», деган мазмундаги қараши ҳам бугунги кун учун муҳим аҳамиятга эга. Алифбодаги такомиллаштиришларни тўғри қабул қилиш, уларнинг моҳиятини англаш ва амалиётга татбиқ этиш зарур.
«Инсоннинг юзи, билими тилидадир», деган нақл бежиз айтилмаган. Зеро, тил инсоннинг қалб кечинмалари, билими, дунёқараши ва маънавий қиёфасини акс эттиради. У инсоннинг ички олами, диёнати ва маърифатлилик даражасини намоён этувчи муҳим воситадир.
Ижтимоий тармоқларда қуйидаги фикрларни ҳам ёзиб қолдирган эдим:
— Қачон гапиришни билишинг — тарбиядир;
— Гапираётган кишини тинглаш — ахлоқдир;
— Гапираётган кишининг сўзини бўлмаслик — одобдир;
— Гапирилаётган фикрни англаш — ҳикматдир;
— Гапираётган ҳар бир кишининг фикрини ҳам тасдиқлайвермаслик — зукколикдир.
Қандай чиройли, файласуфона фикрлар! Алломаларимизнинг донишмандлиги, ҳаётий тажрибаси ана шундай ҳикматларда намоён бўлади. Биз ўзбек тилида тўғри, чиройли, равон ва хатосиз гапира олсак, фикримизни бошқаларга содда ва тушунарли тарзда етказсак, бу бизнинг кимлигимизни, билим ва салоҳиятимизни кўрсатади.
Ўзбек тилини билиш, унда тўғри ёзиш ва равон сўзлаш ҳам эътиқод ва маънавият белгисидир. Иммануил Кантнинг «Эътиқодга жой бериш учун билимларимни сиқиштиришимга тўғри келади», «Маърифат — ўз ақлингдан фойдалана олиш журъатидир», «Ўз ақлингдан фойдаланишга журъат эт!» каби ҳикматли фикрлари инсонни мустақил тафаккурга, билим олишга ва маърифатли бўлишга ундайди. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган инсон ана шу ўгитларга амал қилиши лозим деб ўйлайман.
Бугунги кунда ёзма саводхонлик даражаси замон талабларига тўлиқ жавоб беради деб бўлмайди. Бу борада таълим муассасаларида амалий ишларни кучайтириш зарур. Мактабларда ёзма саводхонликка алоҳида эътибор қаратиш, ўқувчиларнинг диктант ва иншо ёзиш кўникмаларини мунтазам ривожлантириш лозим. Шунингдек, техникум, лицей ва олий таълим муассасаларига қабул жараёнларида ёзма нутқ ва саводхонликни баҳолаш амалиётини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Олий таълим муассасаларида талабалар ўртасида диктант ва иншолар танловларини ташкил этиш ҳам ёзма саводхонликни оширишга хизмат қилади.
Зеро, ёзма саводсизлик — шунчаки имло хатоси эмас, балки билим ва маърифатга бўлган муносабатнинг ҳам кўрсаткичидир.
Тил — ўзликни англаш, ҳаётни, ислоҳотларни идрок этиш воситаси. Тил — миллатнинг ор-номуси, инсонийлик масъулияти, ўзликни англаш калити, юртимиз ва қалбимиз кўзгусидир. Ўзбек тилига ҳурмат, аввало, унда равон сўзлаш, саводли ва хатосиз ёзишдан бошланади.
Она тилимизда саводхонликни ошириш барчамизнинг, айниқса, ота-оналар, зиёлилар ва таълим-тарбия соҳаси вакилларининг биринчи галдаги вазифаси, фуқаролик бурчидир.
Равшанбек Маҳмудов,
Гулистон давлат университети профессори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
ЎзА