Маънавий поклик – барака ва юксалиш мезони
Жамият ривожида моддий бойликлар билан бирга, ундаги маънавий поклик ва ҳалоллик муҳим ўрин эгаллайди. Қонун устуворлиги таъминланган юртда коррупция ва адолатсизликка мутлақо ўрин қолмайди.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Самарқанд вилояти Бош бошқармасига қарашли Нуробод банк хизматлари офисида ташкил этилган коррупциянинг олдини олиш, банк тизимида шаффофликни таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик масалаларига бағишланган давра суҳбатида шу хусусда батафсил сўз юритилди.
Унда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти коррупциянинг олдини олишни мувофиқлаштириш бўлими, туман ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тегишли бўлинмалар масъул ходимлари қатнашди.

Давра суҳбатида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, соҳада ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун талаблари, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва бартараф этиш механизмлари, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда ички назорат тизимини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Учрашув давомида иштирокчиларга коррупциянинг салбий оқибатлари, унинг жамият ва иқтисодиёт ривожига таъсири ҳақида тушунчалар берилди. Айни пайтда ҳар бир ходим ўз фаолиятида қонун устуворлигига қатъий амал қилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Н.Усмонова,
ЎзА