Маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ошади
Одамлар онгига миллий ғоя моҳиятини тўлиқ етказиш, эски мафкурадан соқит бўлолмаган ва янгиланишларга юзаки қарайдиганлар дунёқарашини ўзгартириш, барча куч ва ҳаракатларни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришга йўналтириш долзарб вазифалардан биридир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан уюштирилган семинарда шу ҳақда фикр юритилди.
– Ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилиш – давр талаби. Жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаётган эди, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов.
– Шу боисдан, эндиликда Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Президентимиз ушбу марказнинг “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди. Шундай экан, галдаги вазифа маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирларини белгилашдан иборат бўлади.
Эндиликда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилади. Барча олийгоҳ ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилади. Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилади.
– Миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Қуронов.
– Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни такомиллаштиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилиши бу соҳага қаратилган жиддий муносабатни билдиради.
Семинарда вазирлик ва идоралар, жамоатчилик ташкилотларининг бу борада ишлаб чиққан иш механизмлари тақдим қилинди. Маънавият ва маърифат, миллий ғоя тарғиботининг илмий-амалий асосларига таяниш борасида қимматли фикр ва таклифлар ўртага ташланди.
М.ҚУДРАТУЛЛАЕВА, ЎзА