Маъмурий қонунчилик мукаммал бўлса, амалиётда самарали ишлайди
Маъмурий органлар билан муносабатларда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда маъмурий ишларни кўриб чиқишга ихтисослашган суд тизими яратилган. 2017 йилда маъмурий судлар ташкил этилиб, кейинчалик “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс қабул қилинди.
2021 йил 1 январдан бошлаб эса маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.
Бу маъмурий судлар батамом тугатилганини англатмайди, албатта. Суд тизимининг сифатини ошириш, ягона суд амалиётини шакллантириш учун ҳам судлар бирлаштирилди. Аммо умумий юрисдикция судларидан алоҳида ва мустақил маъмурий судлар тизими сақлаб қолинди. Демак, бундан буён ҳам мамлакатимизда маъмурий ҳуқуққа оид қонунчилик такомиллаштириб борилади.
Маъмурий судловни янада такомиллаштиришда маъмурий тартиб-таомилларнинг ҳуқуқий асосларини тушуниш ва унга оид қоидаларга риоя қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур мақолада нисбатан кам ўрганилган маъмурий тартиб-таомилларнинг ҳуқуқий асосларини бундан кейин ҳам такомиллаштиришга доир таклиф-тавсиялар ўрин олган.
Маълумки, 2021 йил февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси regulation.gov.uz порталига қўйилди.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун 2018 йилда қабул қилинган ва 2019 йилда кучга кирган. Мазкур қонунга ўзгартириш киритиш ёки янги таҳрирда қабул қилиш учун маъмурий суд амалиёти етарлича ҳисобга олиниши зарур.
Қонун лойиҳасида “маъмурий ҳужжат” атамаси бор. Бунинг ўрнига “маъмурий акт” атамасини қўллаш таклиф этилади. Шунингдек, манфаатдор шахс ва учинчи шахснинг аниқ фарқини кўрсатиб ўтиш лозим.
Қонуннинг 66-моддасида “Маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) асосида қабул қилинган маъмурий ҳужжатда қуйидаги қўшимча қоидалар назарда тутилиши мумкин”лиги келтирилган.
Манфаатдор шахс асосий маъмурий акт (ҳужжат)га эътирози бўлмасдан, фақат қўшимча қоидаларга эътирози бўлса, бунда қўшимча қоида ва маъмурий акт битта ҳужжат ҳисобланадими ёки йўқми? Ушбу саволга ҳам аниқлик киритиш мақсадга мувофиқ.
74-моддада суд томонидан маъмурий ҳужжатнинг ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқ келтирилмаган. Шунингдек, мазкур моддадаги “Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган ёки юқори турувчи маъмурий орган маъмурий ҳужжатнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигини ўз ташаббуси билан ёки манфаатдор шахснинг талабига кўра тасдиқлаши шарт” қоидаси тушунарсиз ва таҳрирталаб.
Бу ерда “манфаатдор шахс талабига кўра, маъмурий ҳужжатнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги тасдиқланиши шарт”, деб ёзилиши керак. Бундан ташқари, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган маъмурий ҳужжат ижро қилинмаса ҳам бўлади, деган мазмундаги қоида ҳам киритилиши керак.
74-моддадаги “маъмурий ҳужжатнинг мазмуни ноаниқ ёки бир-бирига зид бўлса; у адресат учун номақбул тусга эга ва бунда тегишли тарзда асосланмаган бўлса” қоидалари ўз-ўзидан ҳақиқий эмасликни келтириб чиқармайди. Маъмурий ҳужжат етарлича асослантирилмаса-да, лекин қонуний чиқарилган бўлса, бу ҳам ўз-ўзидан ҳақиқий эмасликни келтириб чиқарадими? Мазкур масалага ҳам ойдинлик киритиш лозим.
Қонун лойиҳаси 75-моддасидаги “Маъмурий ҳужжат маъмурий шикоят қилиш ва (ёки) судда низолашиш имконияти тугагандан кейин қонуний кучга кирган ҳисобланади” қоидаси 69-модда биринчи қисмига зид. Яъни “Маъмурий ҳужжат, агар маъмурий ҳужжатнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, адресат тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан кучга киради”. Мазкур нормалар мувофиқлаштирилиши керак.
Қонун лойиҳаси 82, 83-моддаларидаги процессуал ҳужжат устидан, жумладан “ушбу қонуннинг 26, 46, 48-49, 56, 105-моддаларида назарда тутилган процессуал ҳужжатлар устидан, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа процессуал ҳужжатлар устидан” суд тартибида шикоят қилинганда маъмурий орган томонидан йўл қўйилган про цессуал хатоликларнинг ҳуқуқий оқибатлари очиб берилмаган.
Қонун лойиҳаси 90-моддасида “Манфаатдор шахс маъмурий шикоят бўйича қабул қилинган қарорга рози бўлмаган тақдирда, унинг устидан маъмурий шикоят бўйича қарор ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кундан эътиборан уч ой ичида суд тартибида шикоят қилишга ҳақли”лиги келтирилган.
Бунда суд тартибида шикоят қилганда дастлабки маъмурий ҳужжат устидан шикоят қилинадими ёки юқори турувчи орган қарори устидан судга шикоят қилинадими? Ушбу масалага ойдинлик киритилиши лозим.
2018 йилда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун қабул қилинганда ҳам бир йил вақт берилган эди. Бироқ, деярли ҳеч қайси қонун ҳужжатлари “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштирилмади. Энди яна шу ҳолат такрорланмаслиги керак.
Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини такомиллаштиришга оид билдирилган таклиф-тавсиялар ушбу соҳага оид кодексга ҳам киритилиши мақсадга мувофиқ.
Жўрабек Нематов,
ТДЮУ кафедраси доценти,
юридик фанлари доктори