Мамлакатнинг энг кучли ёш велоспортчилари сараланмоқда
Фарғона вилоятида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича 23 ёшгача бўлган йигит ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати баҳслари қизғин давом этмоқда.
Мусобақанинг биринчи кунида иштирокчилар шахсий пойга йўналишида баҳс олиб борди. Унда йигитлар орасида 30 километр масофага ўтган пойгада Фаррух Бобошеров (Тошкент шаҳри), Муҳриддин Сапаров (Жиззах) ва Алимардон Жамолиддинов (РОПСТТМ) шоҳсупага кўтарилган бўлса, қизлар ўртасида (20 км.) Асал Ризаева (Тошкент шаҳри), Гулҳаё Сатторова (Жиззах), Виктория Ползунова (Сирдарё) ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Маълумот ўрнида, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 90 нафардан ортиқ велопойгачи иштирок этаётган чемпионатда аёллар ўртасида 93 км. масофага гуруҳ пойгалари ўтказилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА