Мамлакатнинг энг кучли дзюдочилари аниқланмоқда
Жиззахдаги «Жиззах киберспорт аренаси» мажмуасида дзюдо бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган мамлакат чемпионатида илк ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 300 нафардан зиёд спортчи қатнашаётган чемпионатнинг биринчи кунида эркаклар -60, -66 кг, аёллар эса -48 ва -52 кг вазн тоифаларида ўзаро рақобатлашди.

Ушбу баҳсларда Лазиза Ҳайдарова 48 килограммгача вазнда ғалаба қозонган бўлса, кутилганидек, 52 килограмм вазндаги аёл дзюдочилар беллашувида амалдаги мамлакат чемпиони Гулҳаё Жўраева олтин медални қўлга киритди.

-66 кг. вазн тоифасидаги беллашувларда Азизбек Ортиқов барча рақибларини енгиб, Ўзбекистон чемпионига айланди. Вазни -60 кг. бўлган Анваржон Иброҳимов ва Муродил Муродиллоев мусобақанинг олтин медали учун ўзаро рақобатлашди. Беллашувда А.Иброҳимовнинг қўли баланд келди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон чемпионати олдидан баҳсларни бошқариб борадиган ҳакамлар учун семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси Ҳакамлар ҳайъати раиси Баҳодир Узакберганов бошчилигидаги 12 нафар реферимиз мамлакат чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА