Мамлакатимиз ҳудудларининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси қандай?
Юртимизда сўнгги йилларда шифокорлар сонининг ортиб бораётгани рақобатбардош тиббий кадрлар салоҳияти кенгайишига ҳам асос бўлмоқда.
Эндиликда ҳудудларнинг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси, жинси, мутахассислиги ҳамда ихтисослигини алоҳида таҳлил қилиш имконияти ҳам шаклланди.
Жумладан, Миллий статистика қўмитаси маълумотига таянадиган бўлсак, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра мамлакатимизда 112 минг 420 нафар шифокор фаолият юритган. Бу 2024 йилга нисбатан 4 минг 923 нафар ёки 4,6 фоизга кўп, дегани.
Шифокорларнинг 60 минг 282 нафари эркаклар бўлиб, уларнинг умумий сонидаги улуши 53,6 фоизни ташкил этган. Аёл шифокорлар эса 52 минг 138 нафар ёки 46,4 фоиздан иборат.
Шу тариқа, мамлакатимизда эркак шифокорлар сони аёл шифокорлардан кўпроқ экани маълум бўлади. Бошқача айтганда, ҳар 100 нафар шифокорнинг қарийб 54 нафари эркаклар, 46 нафари аёллар ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, 2026 йил бошида Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига ўртача 29,4 нафар шифокор тўғри келган.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА