Мамлакат равнақига ҳисса қўшиш умидида
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилояти Шофиркон ўқув ишлаб чиқариш корхонаси янги лойиҳа асосида қайта қуриб ўтган йили фойдаланишга топширилди.
Замонавий бинода мавжуд шароитларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан пресс-тур ташкил этилди. Пресс-турда республика ҳамда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўтган 2023 йилда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилоят бўлимининг “Эзгулик рамзи” ижтимоий лойиҳаси ҳамда Шофиркон тумани ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида тумандаги кўришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ва меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида бу ердаги мавжуд бино-иншоотларни реконструкция қилишга киришилди.

Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 1 миллиард 400 миллион сўм миқдорида давлат субсидия маблағи ажратилди. Натижада “O'rikzor Ipak yo'li tesktil” МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан 225 метр квадратдан иборат ишлаб чиқариш цехи, 200 метр квадратдан иборат икки қаватли маъмурий бино янгиланди. Маънавият зали ва савдо дўкони учун мўлжалланган объект қурилди. Яна иккита ишлаб чиқариш цехи реконструкция қилинди. Эътиборли томони, умумий ҳисобда 25 нафар ишчи-ходимга замонавий меҳнат шароити яратилди.

– Мазкур давлат субсидия маблағи асосида Шофиркон туманидаги 360 нафар кўзи ожиз фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий аҳволи яхшиланди, –дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилояти бўлими раҳбари Жалил Раҳматов. – Уларнинг бандлигини таъминлаш, қулай шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришни мақсад қилган эдик. Жамиятда ишлаб чиқариш, маъмурий бинолари янгиланди ва ободонлаштириш, Кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Жамиятимиз аъзолари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилди. Янги иш ўринлари яратилди.

Мазкур корхона имконияти чекланган, айниқса, кўришда нуқсони бор шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётида янада фаол бўлиши учун жуда муҳим масканга айланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.