Мамлакат чемпионатининг илк ғолиблари маълум
Кеча 15 март куни Хива шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди.
Чемпионатнинг очилиш маросимида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси ўринбосари Рашид Маткаримов, Хоразм вилояти ҳоким ўринбосари Санат Салаев, Хива шаҳар ҳокими Темур Давлетов ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, мусобақаларда қатнашаётган спортчиларга баҳсларда омад тилашди.
Мусобақа дастурига биноан кеча кун мобайнида ўсмир қизлар 40, 45, 49 ва 55 кг вазн тоифасида ўғил болалар эса 49 ҳамда 55 килограммда супачага кўтарилишди.
Илк кунги баҳслар Хоразм спортчилари учун омадли келди. Ўз уйингда деворлар ҳам суяйди, деганларидек, мезбонлар 6 та (2 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза) медални қўлга киритишди. Шунингдек, Aндижон, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари 2 тадан медалга эгалик қилишди. Наманган ва Қашқадарё вилояти полвонлари 1 тадан олтин, Жиззах ва Навоий 1 тадан кумуш, самарқандлик атлетлар бўлса 2 та бронза медалига мушарраф бўлишди.
Бугун – 16 март куни 61 ва 67 кг. вазн тоифасида ўсмирлар ҳамда 59, 64, 71 ва 76 кг. вазн тоифаларида қизлар совринли ўринлар учун баҳс олиб боришади.
Эслатиб ўтамиз, чемпионатда ўсмирлар ўртасидаги баҳслар 18 мартга қадар давом этади. Рио Олимпиадаси ғолиби Руслан Нурудинов, Токио Олимпиадаси чемпиони Акбар Жўраев, ёшлар, ўсмирлар ҳамда катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиблигига эришган Достон Ёқубов, Адҳамжон Эргашев, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Кумуш Файзуллаева каби ўнлаб истеъдодли спортчилар иштирокидаги катталар ўртасидаги мамлакат чемпионлиги учун курашлар эса 18-22 март кунлари бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА