Малайзияда Ўзбекистон таълим ва маданият кунлари ўтказилди
Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Айниқса, халқаро майдонларда бунга алоҳида эътибор қаратилаётгани фикримизнинг исботидир.
Universiti Teknikal Malaysia Melaka университетида “Ўзбекистон–Малайзия таълим ва маданият кунлари” ҳамда “Университетлар аёл олималари халқаро форуми” бўлиб ўтди.
Унда юртимизнинг бир қатор олий таълим ташкилотлари талабалари ва вакиллари ҳам иштирок этди.

Малайзияда ўтказилган мазкур форум ёшларнинг халқаро майдондаги билим ва кўникмаларини ошириш глобал тафаккурини шакллантириш ҳамда маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Форум давомида университетлараро ҳамкорлик илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, академик алмашинув ва маданий интеграцияни кучайтириш масалалари, шунингдек, аёл олималарнинг инновацион ривожланишдаги ўрни муҳокама қилинди. Бундан ташқари, таълим ва илм-фан соҳасидаги энг илғор тажрибаларни жорий этишга қаратилган ташаббуслар ҳам илгари сурилди.

Universiti Malaysia Pahang Al-Sultan Abdullah(MPSA) билан ҳамкорлик меморандуми имзолангани ижобий натижалардан бири сифатида баҳоланди. Таъкидланишича, бу келишув қўшма таълим дастурлари, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар, co-teaching ва global classroom каби замонавий таълим шаклларини ривожлантириш имконини беради.
Тадбир сўнггида талабалар миллий мақом санъати ва анъанавий санъат намуналари билан Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро майдонда тарғиб қилди. Бу эса ёшларни глобал платформаларда фаол иштирок этишга илҳомлантирди.
Шербек Исломов
ЎзА