Малакали мутахассислар тайёрлаш давр талаби (+видео)
Президент топшириғи амалда
Саноат, ишлаб чиқариш ва муҳандисликка ихтисослашган олийгоҳлар ва профессионал таълим муассасаларида ёшларни ўқиш билан бирга корхона ва ташкилотларда ишлаш имконини берувчи дуал таълим тизимида ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Эътиборлиси, амалиётчи талаба ўқиш пайти корхона ва ташкилотларда ишга жалб қилинганида малакали мутахассисга бириктирилади ва ойлик маош тўланади. Мазкур жараёнда у замонавий технология ва дастгоҳларни ўрганиб, назарий билимини амалда қандай бўлишини ҳам кузатади.
Маълумки, 2024 йил 20 июнь куни Президентимиз раҳбарлигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, муҳим вазифалар юклатилган эди.
Берилган топшириқлар асосида Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалида 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб юқори курс талабалари учун дуал таълим тизими йўлга қўйилди. Ушбу тизим доирасида мазкур олийгоҳ томонидан “Олмалиқ КМК” АЖ билан ҳамкорликда келишув шартномалари имзоланди. Унга кўра, “Кончилик иши”, “Технологик машиналар ва жиҳозлар”, “Машинасозлик технологияси”, “Машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш” каби таълим йўналишлари бўйича 18 нафар талаба танлов асосида саралаб олинди.
[gallery-21362]
Талабалар ҳозирда ойлик маош асосида комбинатга қарашли 3-Мис бойитиш фабрикасининг турли бўлинмаларида ишлаб, амалиёт машғулотларини муваффақиятли ўтамоқда. Бу жараён талабаларнинг ота-оналари томонидан ҳам мамнуният билан қарши олинди. Улар олийгоҳни битирганидан сўнг корхонада ўз иш фаолиятини давом эттириши кўзда тутилган. Бундан ташқари, филиал ҳудудида “Муҳандислик мактаби” ташкил этилган бўлиб, талабалар ва профессор-ўқитувчилар мунтазам амалий-тажриба машғулотларини ўтишда фойдаланмоқда.
– Айтиб ўтиш лозимки, ҳозирги вақтга қадар аксарият профессор-ўқитувчилар ишлаб чиқаришдан узилиб қолган эди, – дейди Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Орифжон Абдиев. – Эндиликда улар саноат ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. 2024 йил июль-август ойларида мутахассислик кафедраларининг 44 нафар профессор-ўқитувчилари “Олмалиқ КМК” АЖнинг турли корхоналарида стажировка ўтади. Уларга комбинат томонидан сертификатлар берилди.
Шунингдек, “тармоқ-корхона-олийгоҳ” занжири асосида кафедралар томонидан Тошкент вилоятидаги саноат корхоналари ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб олинди. Ҳозирда ҳамкор корхоналарда тегишли кафедра филиалларини очиш ва дуал таълим тизимини йўлга қўйиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги “Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорига асосан Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган 2-сонли касб-ҳунар мактабида ҳам тўқиш-тикиш жиҳозлари оператори ва мебель ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича дуал таълим ташкил этилган. Унда 90 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
– 2024-2025 ўқув йилида мазкур таълим муассасасининг биринчи босқичдаги 30 нафар ўқувчиси ҳудуддаги “Qorasuv mebel” корхонасига бириктирилди, – дейди 2-сон касб-ҳунар мактаби Касбий таълим бўйича директор ўринбосари Зулфия Каримова. – Ёшлар билан тадбиркор ўртасида дуал шартнома мавжуд. Унга кўра, ўқувчилар бир миллион беш юз минг сўмдан тўрт миллион сўмгача ойлик маош олмоқда. Тўқиш-тикиш жиҳозлари оператори йўналиши бўйича биринчи босқич 30 нафар ўқувчи “ECO SOFT TEXTILE” корхонасига шартнома асосида юборилди. Бу ерда қизлар ойига бир миллион икки юз минг сўмгача маош олмоқда.
Аслида барча таълим йўналишларида назарий олинган билимларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлашда малакавий амалиёт ўрни муҳим ҳисобланади. Талаба назарий билимларни олсаю, уни амалиётда қўлламаса ҳар жиҳатидан етук мутахассис бўлолмайди. Шу туфайли ишлар реал шароитларда, тармоқ корхоналарининг талабидан келиб чиққан ҳолда сифатли ташкил этилсагина бундан ҳам яхши натижага эришиш мумкин.
Мутахассислар узлуксиз амалиётларнинг ташкил этилиш жараёнлари нафақат олий таълим ташкилотининг вазифаси, балки тармоқ корхонаси учун бирдай манфаатли бўлишини таъкидламоқда. Асосийси, бу жараёнда ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, малакавий амалиётнинг ҳар бир дақиқасини самарали ташкил этиш тармоқ корхонаси учун тайёрланаётган кадрлар сифатининг ошишига кўмак беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RcyIWhC25qM" title="Prezident topshirigʻi amalda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, А.Алижонов (сурат, +видео), ЎзА.