Малака тоифа синовлари эртадан бошланади
Бугун қўлга киритган ютуқлари, эришаётган кўрсаткичларига яраша юқори маош олаётган, устамаларга даъвогарлик қилаётган ўқитувчилар сони тобора ортиб бормоқда.
Мактабгача, умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасалари педагоглари учун жорий йилнинг 29 октябридан бошлаб малака тоифа синовларини ўтказиш бошланади ҳамда 16 ноябрга қадар давом этади. Қайд этиш лозимки, малака тоифасини олиш бўйича синовлар бир йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ва 100 баллик тизимда баҳоланади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, малака тест синовларини бажариш учун математика, информатика ва ахборот технологиялари, кимё, биология, физика фанлари учун — 120 дақиқа ҳамда қолган барча фанлар учун — 90 дақиқа вақт ажратилади.

Малака синовларининг биринчи босқичида – мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш учун 40 та (мутахассислик фанидан 35 та, педагогнинг касбий стандартларидан 5 та) тест топшириғи берилади. Ҳар бир тўғри бажарилган тест 2 балл билан баҳоланади. Тест синовлари учун жами 80 балл берилади. Иккинчи босқичда – педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида илғор педагогик услуб ва технологияларни қўллаш бўйича 10 та топшириқ берилади. Ҳар бир тўғри берилган жавоб 2 балл билан баҳоланиб, жами 20 балл берилади.
Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Биринчи босқичда педагогларнинг мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартига оид 5 та тест саволи, иккинчи босқичда эса педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади. Тоифа бериш жараёнларига ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили минималлаштирилган.
Аттестация натижасига кўра педагог кадрларнинг ойлик иш ҳақларига киритиладиган ўзгаришлар автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилиши учун UzASBO ёки бошқа молиявий ҳисоб-китоб дастурларига юборилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА