Малака ошириш жараёни муваффақиятли ўтди
Давлатимиз раҳбари раислигида 2025 йил 15 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаб таълимида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, айниқса ўқитувчиларнинг хорижий тажриба билан танишишини таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Шу асосда ҳар бир туман (шаҳар)дан беш нафардан ўқитувчини хорижга хизмат сафарига юбориш вазифаси қўйилганди.
Ушбу ташаббус Жиззах вилоятида ҳам изчил қўллаб-қувватланди. Ғаллаорол, Бахмал, Фориш ва Зомин туманлари ҳокимликлари биринчилардан бўлиб, бу вазифани амалга оширди. 2025 йилнинг ноябрь–декабрь ойларида Жиззах вилоятидан 19 нафар мактаб ўқитувчиси Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрига юборилди. Улар Саравак университети ҳузуридаги UNIMAS ўқув марказининг малака ошириш курсларида қатнашишди.
Сафар давомида Малайзия таълим тизими, замонавий мактаблар фаолияти, ўқитувчиларнинг дарс ўтиш услублари ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш тажрибаси ўрганилди. Айниқса, мазкур мамлакатда STEAM таълимига алоҳида эътибор қаратилаётгани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Жиззах вилояти педагогик маҳорат марказининг узлуксиз касбий таълимни ташкил этиш бўлими бошлиғи Собир Ваққосов бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:
— STEAM — бу фан, технология, муҳандислик, санъат ва математикани интеграциялашган ҳолда ўқитиш тизимидир. Малайзия мактабларида ушбу ёндашув орқали ўқувчиларнинг танқидий фикрлаши, ижодий ечим топиши ва жамоада ишлаш кўникмалари ривожлантирилади. Дарслар фақат назария билан чекланиб қолмай, амалиёт ва лойиҳаларга асосланади. Бу эса ўқувчини мустақил фикрлайдиган, жамият учун фойда келтирадиган шахс сифатида шакллантиради.
Малака ошириш жараёнида пойтахтдаги ихтисослаштирилган мактабларда ўқув муҳитининг юқори даражада ташкил этилгани кузатилди. Ҳар бир ўқувчи шахсий ноутбукка эга бўлиб, ҳатто танаффус пайтида ҳам илмий изланиш ва лойиҳалар устида ишлаши одатий ҳол саналади. Айрим мактабларда кичик обсерваториялар ташкил этилган бўлиб, астрономия фанининг амалий асосда ўқитилиши таълим сифати ошишига хизмат қилмоқда.
Малайзия таълим тизими мактабгача, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус босқичларга бўлинган. Ўрта таълимнинг юқори босқичида ўқувчилар STEAM, гуманитар, техник ва касбий йўналишлар бўйича чуқур билим олади. Баҳолаш тизими эса шакллантирувчи ва якуний баҳолаш асосида олиб борилиб, ўқувчининг ривожланиш динамикасини аниқ кўрсатиб беради.
Сафар иштирокчилари мамлакатдаги маданиятлар хилма-хиллиги, диний бағрикенглик, жамоат жойларидаги тартиб-интизом ҳамда ўзаро ҳурмат муҳитига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.
— Бугун ўқитувчининг хорижда малака ошириши оддий ҳолга айланиб бораётгани таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий натижасидир, — дейди Собир Ваққосов. — Президентимиз 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилди. Энди ушбу халқаро тажрибаларни маҳаллий таълим тизимига татбиқ этиш орқали ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш асосий мақсадимиз бўлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА