Мактабнинг 7-синф ўқувчиси машина ўғрилади
“Ёшлик бебошлик” деб бежиз айтилмаган. Ҳар бир ота-она ўстираётган фарзандининг ахлоқи, ўқиши, юриш-туришига эътиборли бўлиб, бўш вақтидан унумли фойдаланиш чораларини кўриши зарур. Акс ҳолда, ўз боласининг нотўғри йўлларга, ҳатто жиноят кўчасига кириб кетишига йўл очиб бериши ҳеч гап эмас.
Наманган вилоятининг Косонсой туманида истиқомат қилувчи, 1981 йилда туғилган фуқаро вилоят Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, тегишли ҳужжатларсиз бошқарувида бўлган Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи, 62 ёшли шахснинг номида бўлган, оқ рангли, “Ваз-21011” русумли автомашина ўғрилаб кетилганини баён қилади.
Мурожаатда айтилишича, кечаси унинг яшаш уйи олдида машина эшикларини очиқ ҳолда калитини ўзида қолдирилганлигидан фойдаланган номаълум кимса автомобилини олиб қочиб кетган.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг ЎзА мухбирига хабар қилишича, юз берган ҳодиса бўйича ички ишлар органлари томонидан вилоят ҳудудида “Тўсиб ушлаш” махсус режаси ҳаракатга келтирилиб, тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилди.
Бунинг натижастида, ушбу жиноятни Косонсой туманида ота-онаси қарамоғида яшовчи, умумтаълим мактабларидан бирининг 7-синф ўқувчиси, 2008 йилда туғилган бола содир этганлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ўспирин автомашинани туман ҳудуди бўйлаб ўзбошимчалик билан ҳайдаб, воқеа жойидан тахминан 800 метр узоқликдаги йўл четида машина ўчиб қолганлиги сабабли қайта юргиза олмай, шу ерга ташлаб кетган.
Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Косонсой тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА