Мактабни мактаб қиладиган куч ўқитувчилардир...
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.
Шунинг учун Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда.
Албатта, жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланади. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир.
Президент мактаблари ғояси ота-оналар ва ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишини шу қадар оширдики, ўтган йили ҳар бир ўрин учун 100 дан ортиқ номзод ҳужжат топширди (маълумот ўрнида: бу йил бир ўринга номзодлар сони 200 дан ортиб кетди).
Шундан сўнг муҳтарам Президентимиз иқтидорли ёшларни қамраб олиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб, уларда мамлакатимизнинг иқтидорли ёшлари тўғрисидаги маълумотлар базаси яратиладиган ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишга қарор қилди.
Жорий йилнинг 14 апрелида имзоланган 106-сонли Фармон билан ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этишда ягона ёндашувни шакллантириш, ушбу мактаблар тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда таълим жараёнига малакали раҳбар ва педагог кадрларни жалб қилиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш вазифаси белгиланди. Ушбу вазифа Президент таълим муассасалари агентлигига топширилди.
Таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарурлиги, билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш вазифа қилиб белгиланди.
Вилоятларга ташрифимиз давомида 500 дан ортиқ мактаблар орасидан 193 та мактаб танлаб олинди. Бу мактаблардан жорий йилда 168 та ихтисослаштирилган мактаб (шундан 24 таси ихтисослаштирилган типдаги мактаб-интернатлар) ташкил этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим масалага эътибор қаратди. Гап ихтисослаштирилган мактабларни малакали ўқитувчилар билан таъминлашдан иборат. Биламизки, таълим дастурлари, баҳолаш тизими ва малакали ўқитувчилар таълим сифатининг кафолати ҳисобланади. Бу борада ҳам қатор ишлар амалга оширилди ва давом этмоқда.
“Ихтисослаштирилган мактаб дегани 2 соат кўп дарс ўтиш дегани эмас. Унда болалар махсус фан бўйича тўлиқ билимга, кенг дунёқарашга эга бўлиши зарур. Ўқувчиларда миллий руҳ, ватанпарварлик ҳисси баланд бўлиши керак”, деган эди президентимиз.
Бугунги кунда ихтисослаштирилган мактаблар учун малакали педагогларни танлашнинг уч босқичли тизими ишлаб чиқилиб, малакали ўқитувчилар танлаб олинди, ўқувчилар билимини баҳолашнинг янги тизими ишлаб чиқилиб, ҳозирда барча ҳудудларда ушбу тизимни жорий этиш, янги, замонавий педагогик методлар бўйича ўқитишни ташкил этиш юзасидан семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Сифатли билим бериш билан бирга ёшларимизни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳам муҳим вазифаларимиздан биридир. Бу борада ҳам вазифаларни амалга ошириш бўйича мақсадларни белгилаб олдик.
Ушбу масъулиятли вазифани амалга оширишда агентликнинг ҳар бир ходимидан тортиб тизимдаги барча мактабларимизнинг ҳар бир ўқитувчисидан том маънода мустаҳкам ирода, ўз ишига садоқат ва фидойилик, ватанпарварлик, холислик ва ҳалоллик, машаққатли меҳнатга чидамлиликни талаб этади.
Давлатимиз раҳбари таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш барчамиз учун ҳаёт-мамот масаласи эканини қайта-қайта таъкидлади. Шундай экан, бу соҳадаги ислоҳотларни кейинга суришга ҳаққимиз йўқ.
"Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида"ги қарор таълим борасидаги ислоҳотлар сари дадил қадам бўлди.
Ҳилола Умарова,
Президент таълим муассасалари агентлиги директори