Мактабларнинг рейтинг натижалари таҳлил қилинди
Бухорода вилоят умумтаълим мактабларининг рейтинг натижалари, тизимдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят халқ таълими бошқармаси, Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси вилоят бўлими, вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари, халқ таълими бўлимлари мудирлари, мудир ўринбосарлари ва умумтаълим мактаблари директорлари қатнашди.
Дастлаб, 2021 йилда тизимда содир этилган жиноятлар ва уларни келтириб чиқарган омиллар хусусида сўз борди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тайёрланган умумий ўрта таълим муассасалари ва улар асосида туман(шаҳар) ҳамда вилоят ҳокимлари рейтинги натижалари батафсил таҳлил қилинди. Натижаларга кўра, ҳудудлар бўйича энг юқори ўринларни Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри эгаллади.
Туман ва шаҳарлар рейтингида эса барча индикаторлар кўрсаткичлари натижаларига асосан юқори ўнталикдан Қоровулбозор тумани 8-ўриндан жой олган. Битирувчилар сонига нисбатан олий таълимга ўқишга кирганларларнинг улуши бўйича республика туман ва шаҳарлари миқёсида энг юқори ТОП-10 таликда Қоровулбозор, Қоракўл, Шофиркон туманлари ва Бухоро шаҳри киритилган.

Республика туман (шаҳар)лари миқёсида ўқишга кириш натижаларига асосан битирувчиларнинг ўртача тўплаган балларига нисбатан ТОП-10 таликда Қоровулбозор тумани 4-, Бухоро тумани 10-ўринни эгаллаган.
Вилоятда битирувчиларни ўқишга кириш кўрсаткичлари бўйича Қоровулбозор, Қоракўл ва Шофиркон туманлари пешқадам ўринларда турган бўлса, Олот, Жондор ва Ромитан туманлари охирги ўринларни қайд этган.
Йиғилишда рейтинг кўрсаткичларида қайд этилган паст натижалар таҳлил қилинди.
Таълим сифатини таъминлашда эътиборсизлик ва лоқайдликка йўл қўйган бир қатор мактаб директорларига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилиши белгиланди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан қарор қабул қилиниб, қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА