Мактабларни иситишга хусусий сектор жалб қилинади
Бу йилги қиш мавсуми аҳоли учун ҳам, корхона ва ташкилотлар учун ҳам катта синов бўлди. Аномал совуқ сабабли кўплаб ҳудудларда энергия ресурслари, иссиқлик билан таъминлашда муаммолар юзага келди. Албатта, бунинг сабаб ва оқибатлари таҳлил қилинди, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Биринчи навбатда мавжуд тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда юртимиздаги корхона ва ташкилотларда қуёш панеллари ўрнатиш орқали электр энергиясидан фойдаланиш кенг жорий этилмоқда. Ушбу қурилмалардан фойдаланаётган субъектларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида уларга бир қатор имтиёз ва енгилликлар бериляпти. Шунингдек, фақатгина табиий газ ёки электр энергиясига боғланиб қолмасдан кўмир ёнилғисидан фойдаланишга эътибор ошмоқда.
Президентимиз томонидан шу йил 10 апрелда қабул қилинган “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида” ги қарори ҳам шу мақсадга қаратилган. Қарорга кўра, Андижон вилоятининг Бўстон туманида қўлланилган тажриба асосида 2023-2026 йилларда юртимизда фаолият юритаётган давлат ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғисига ўтказиш орқали куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш ҳамда муассасаларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаш ва белгиланган меъёрларда ишлашини таъминлаш чоралари кўрилади. Бу ишлар давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор иштирокида амалга оширилади.
Биринчи босқичда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 5722 та давлат ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик таъминоти тизимлари хусусий сектор иштирокида модернизация қилинади. Бундан ташқари, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларининг барча туман (шаҳар)ларида ҳамда бошқа вилоятларнинг белгиланган туман (шаҳар)ларида давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ишлари бошланади.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг олти туманидаги 871 та ижтимоий соҳа объекти иситиш тизимини давлат-хусусий шериклик тамойили асосида модернизация қилиш бўйича битимлар тузилиб, амалий ишларга киришилади.
– Дастлаб, эксперимент тариқасида олти тумандаги жами 442 та умумтаълим мактаби, 273 та мактабгача таълим, 100 та соғлиқни сақлаш ва 56 та маданият, мусиқа ва спорт муассасалари учун тадбиркорлар билан битим тузилади, – дейди Самарқанд вилояти молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Оқбўтаев. – Жумладан, Жомбой туманида 116 та, Нарпайда 147 та, Тойлоқда 128 та, Каттақўрғон туманида 198 та, Самарқанд туманида 124 та ҳамда Иштихонда 158 та муассаса янги тизимга ўтади. Ҳозирда ижтимоий соҳа муассасалари хатловдан ўтказилиб, улардаги техник нуқсон ва камчиликлар аниқланмоқда. Қарорга биноан, барча иситиш тизими, иссиқ сув тармоқлари, кўмирхона ва печлар таъмирланиб тайёр ҳолга келтирилгач, кейин тадбиркорлар ихтиёрига берилади.Режага кўра, жорий йилда Жомбой туманида 56 та, Нарпайда 70 та умумтаълим мактаби, Тойлоқ туманида 15 та, Каттақўрғонда 19 та тиббиёт муассасаси, Самарқанд ва Иштихон туманларида 11 тадан маданият уйи, мусиқа ва спорт мактабларини иситиш янги тизим асосида тадбиркорлар томонидан бажарилади. Шунингдек, Каттақўрғон туманида 64 та, Самарқанд туманида 42 мактабгача таълим ташкилотининг иситиш тизимлари давлат-хусусий шериклик асосида янгиланиб, бу борадаги муаммолар бартараф этилади.
Шартномага кўра, тадбиркорлар ижтимоий соҳа объектларида Ўзбекистонда камида бир йил синовдан муваффақиятли ўтган ва хизмат қилиш кафолати камида 15 йилни ташкил қиладиган қозонларни ўрнатишлари лозим бўлади. Лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ҳокимликлар томонидан инвестиция маблағининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб беради.
Қарорга мувофиқ, бир ой муддатда танлов асосида лойиҳа институтлари жалб қилиниб, мавжуд иссиқлик таъминоти тизимларини хатловдан ўтказган ҳолда нуқсонлар тўғрисида далолатномалар расмийлаштирилади. Жорий йил 1 июнга қадар ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилади ва 1 июлгача лойиҳалар бўйича концепциялар тасдиқланади. Шу йилнинг 1 августидан тендерларни ташкил қилиш ҳамда хусусий шерикларни шаффоф ва очиқ шартларда танлаб, модернизация ишларини бошлаш белгиланган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА