Мактабларда инклюзив таълим қандай ташкил этилади?
Аввал хабар берганимиздек, инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шунингдек, қарор билан биргаликда низом ҳам тасдиқланди.
Низомда мактабларда инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби белгиланган. Унга кўра, ўқувчиларнинг бино ичида ҳаракатланиши ва таълим олиши учун махсус шароитлар яратилган мактабларда инклюзив ва бошланғич таянч коррекцион синфлар ташкил этилади.
Бунда ўқувчилар биринчи синфга 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Шунингдек, мактаблар учун белгиланган ёш меъёридан икки йилга ошган болаларни қабул қилишга рухсат этилади.
Ўқувчиларни мазкур синфларга қабул қилиш ҳудудий халқ таълими бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.
Инклюзив таълим синфларида ўқувчилар сони 30 нафардан ошмаслиги керак. Инклюзив ва бошланғич таянч коррекцион синфларга фақат бир хил тиббий ташхисдаги ўқувчилар қабул қилинади.
Шунингдек, қарорга кўра, инклюзиф таълим синфлари ўқитувчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи қуйидагича тўланади:
синфда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бир нафар бола учун – лавозим маошининг 10 фоизи, 2 нафар бола учун – лавозим маошининг 20 фоизи, 3 нафар бола учун – лавозим маошининг 30 фоизи ва икки ва ундан ортиқ инклюзив таълим синфларида 4 нафар ва ундан ортиқ бола учун таълим-тарбия ишларини олиб борган ўқитувчиларга ва махсус педагогларга – лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида.
Файзулло Яҳёев, ЎзА