Мактабдан ташқари таълим: муаммо ва ечимлар
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида “Мактабдан ташқари таълим: муаммо ва ечимлар” мавзусида икки кунлик Республика форуми иш бошлади.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари соҳасидаги бугунги кун муаммолари ва ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасидаги раҳбар ва педагог кадрларнинг менежерлик қобилиятини ривожлантиришдан иборат.
Форумда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Шавкат Зайниддинов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Д.Раҳимова, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) А.Юнусова, Олий Мажлис депутати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари М.Баратова, Республика Болалар кутубхонаси раҳбари Д.Ўролов, Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби директори С.Маҳмудова ва бошқа масъул вазирлик ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
[gallery-11964]
– Барчамизга яхши маълум, ўқувчиларнинг баркамол шахс бўлиб етишишларида мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг ҳам ўрни беқиёс. Шу маънода бугунги тадбир давомида мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш ҳамда уларга ўқувчи-ёшларни жалб этиш бўйича аниқ режаларни белгилаб олишимиз зарур, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. – Бунда болаларнинг эҳтиёжлари ҳамда замон талаблари асосида уларнинг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш учун давлат ва нодавлат ташкилотлари билан узвий ҳамкорлик, илғор хорижий давлатлар тажрибасига суяниш асосий вазифамиздир.
Анжуман дастуридан “Конституция – бош қомусимиз”, “Бошқарув психологиясида раҳбарлик ва лидерлик жиҳатлари” ҳамда “Молиявий саводхонлик” мавзуларида семинарлар, Сирдарё вилояти “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолиятини ўрганиш каби тадбирлар ўрин олган.
Ш.СУЯРОВ, Ш.ОРТИҚБОЕВ (сурат), ЎзА.