Мактабда жадидлар музейи ташкил этилди
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактабида жадидлар музейи ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, жадидлар халқимизни илм-маърифатга даъват этган, миллат равнақи, озодлиги ва келажаги йўлида фидокорона курашган буюк маърифатпарвар аждодларимиз. Улар ўз даврида таълимни янгилаш, ёш авлодни замонавий билимлар билан қуроллантириш ва аҳолининг маънавий юксалиши учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.

Музейнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар жадид боболаримизнинг халқни илм-маърифатга даъват этиш, таълимни ривожлантириш, миллий ўзликни англаш ва ёш авлодни тарбиялаш йўлидаги хизматлари беқиёс эканини таъкидлашди. Уларнинг эзгу ғоялари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлаб, ёшларни жадидлар меросидан ибрат олишга, билимли, маърифатли ва Ватан тараққиёти учун масъул инсонлар бўлиб камол топишга ундаш муҳимлигини билдиришди.

Музейда 500 дан ортиқ экспонат ўрин олган. Улар орқали ўқувчилар жадидларнинг ҳаёти, фаолияти, маърифатпарварлик ғоялари ва миллат равнақи йўлидаги фидойилиги билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири