Мактабда ёшлар фестивали
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Косонсой туманидаги 5-умумтаълим мактабида бешта муҳим ташаббус доирасида “Ёшлар фестивали” ташкил этилди.
Фестиваль доирасида маънавий-маърифий тадбир, спорт мусобақалари, интеллектуал баҳслар, китобхонлик, мусиқа ва санъат, компьютер ва ахборот технологиялари саводхонлиги каби йўналишларни қамраб олган иқтидорлар танлови ўтказилиб, унда 1260 нафар ўғил-қиз ўз истеъдодини намоён этди.
[gallery-6543]
Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Дилмурод Қодиров, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустам Исроилов, тумандаги секторлар раҳбарлари келажагимиз эгаларининг барча йўналишларда қўлга киритаётган ютуқ ва муваффақиятлари билан яқиндан танишди.
Мактабнинг “Қалдирғоч” қўғирчоқ театри ёш талантларининг чиқишлари, спорт тўгаракларида тобланаётган ўқувчиларнинг маҳорати, “Серқирра қизлар” клуби аъзоларининг чаққонлиги, “Заковат” баҳсларидаги ёшларнинг билимдонлиги барчада катта таассурот қолдирди.
181 номдаги 5000 дан ортиқ бадиий адабиётлар ярмаркаси, иқтидорли ўқувчиларнинг робототехника йўналишидаги ижодий ишлари кўргазмаси, қўл меҳнати намуналари намойиши тадбирга янада мазмун ва жўшқинлик бахш этди.
Янгича ташаббус ва ёндашувлар билан ташкил этилган тадбир таълим даргоҳи ўқувчилари иқтидорини юксалтириб, улар орасидан янги талантларни кашф этди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат),ЎзА