“Мактаб учун минг китоб" лойиҳаси – амалда
Халқаро китоблар куни муносабати билан Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларининг кутубхона фондлари 3500 нусха янги бадиий адабиётлар билан бойитилди. Мазкур эзгу ташаббус “Мактаб учун минг китоб” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Китобларнинг 1000 нусхаси Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан тақдим этилган бўлса, 2500 нусхаси эса “Ўзбекистон почтаси” АЖ Сирдарё филиали томонидан ҳадя қилинди. Ушбу китоблар вилоятдаги 10 та умумтаълим мактаби кутубхонасига етказиб берилди.

Турли ном ва жанрдаги бадиий асарлар ўқувчиларда китобга бўлган қизиқишни ошириш, уларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш ва мутолаа маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
– Китоб – билим ва маърифат манбаи. У нафақат ёш авлод, аҳолининг барча қатлами дунёқарашини кенгайтиришда, тафаккурини бойитишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси ўқув жараёнини методик таъминлаш ва дарсликлар бўлими бошлиғи Муҳаммадризо Эрматов.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, “Мактаб учун минг китоб” лойиҳаси келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Бу эса, албатта, ўқувчиларни китоб ўқишга рағбатлантириш ва соғлом жамиятни шакллантиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири