Мактаб кутубхонаси янги адабиётлар билан бойиди
Ховос туманида ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг маънавий дунёсини кенгайтириш ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган яна бир муҳим ташаббус амалга оширилди. Туман ҳокими Қомус Юлдашев ташаббуси билан тумандаги умумтаълим мактабларига йирик миқдорда бадиий ва маърифий адабиётлар жамланмаси етказиб берилди.
Маълумотларга кўра, 15 та умумтаълим мактаби 3 мингга яқин янги китоблар билан таъминланган. Жумладан, 14 та мактабга 44 номдаги 179 тадан китоблар топширилган бўлса, “Менинг мактабим” лойиҳаси доирасида яна 1 та умумтаълим мактаби 188 номдаги 416 дона адабиётлар билан бойитилди. Умумий ҳисобда ушбу ташаббус қиймати 70 миллион сўмни ташкил этади.

Китоблар жамланмаси мазмун жиҳатидан ҳам кенг қамровли бўлиб, унда жадид маърифатпарварлари асарлари, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг сара намуналари, шунингдек, жаҳон адабиётининг энг машҳур асарлари ўрин олган. Бу эса ўқувчиларга нафақат бадиий завқ, балки мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш ва кенг дунёқарашга эга бўлиш имконини беради.

Туман бўйича 32 та умумтаълим муассасасида аввал мавжуд бўлган 38 минг нусхали китоб фонди ушбу ташаббус натижасида яна 3 минг нусхага кўпайиб, умумий адабиётлар сони 41 мингга етди.

– Ушбу лойиҳа ўқувчиларнинг китобга бўлган қизиқишини янада кучайтириш, уларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, бу каби ишлар бир марталик эмас, балки доимий давом этади. Режага кўра, ҳар чорак якунида мактаб кутубхоналарини янги адабиётлар билан бойитиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади, – дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими дарсликлар бўйича методисти Саидакмал Эшонов.

Унинг таъкидлашича, кутубхоналарни бойитиш орқали ўқувчиларнинг мустақил мутолаага бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Бу эса таълим сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, дарс жараёнида фаолликни оширмоқда.
Ушбу хайрли ташаббус фақат таълим тизими ва педагоглар томонидан эмас, балки ота-оналар томонидан ҳам катта мамнуният билан кутиб олинди.

– Китоб фондининг кенгайиши жуда муҳим. Чунки бу ўқувчига керакли адабиётни излаб вақт сарфламасдан, мактабнинг ўзида топиб ўқиш имконини беради. Ўқитувчи назоратида мутолаа қилиш эса тушунмаган жойларни муҳокама қилиш ва билимни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу болаларнинг маънавий камолотига катта ҳисса қўшади, – дейди ховослик Мухтор ота Носиров.

Мутахассислар фикрича, бундай ташаббуслар ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларни маънавий етук шахс сифатида тарбиялаш ва таълим жараёни самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири