Мактаб-интернатда хайрия тадбири ўтказилди
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан Ўрта Чирчиқ туманида “Ёшлар бизнинг келажагимиз” мавзусида хайрия тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан Ўрта Чирчиқ туманида “Ёшлар бизнинг келажагимиз” мавзусида хайрия тадбири ўтказилди.
Партиянинг “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида тумандаги 124-ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб ўтган тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш энг долзарб вазифалардан бири экани таъкидланди.
Тадбирда партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, ногиронлиги бўлган болаларга эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш, уларнинг ҳаётга бўлган иштиёқини оширишга ҳисса қўшиш, шунингдек, кенг жамоатчилик ўртасида партия ғоясининг мазмун-моҳиятини ёйиш, интернат тарбияланувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга эътибор қаратилди.
Келажак авлодни ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етиши, уларни турли зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, миллий, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ҳар бир ўғил-қизнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, фаоллигини ошириш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш, замонавий билимларга эга, ташаббускор ёшларимиз сафини кенгайтириш ҳамда эл-юрт манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, бу йўлда етарли шарт-шароитларни яратиб бериш муҳим.
– Энг ҳашаматли кошоналар, энг қимматбаҳо туҳфалар ҳам оила, айниқса, ота-она меҳри ва эътиборининг ўрнини боса олмайди, – дейди 124-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси Каромат Ғофуржонова. – Муассасамиздаги ҳар бир ўғил-қизнинг кўнглига қараб, улар билан самимий муносабатда бўлишга интиламиз. Албатта, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган, кўнгли ўксик болажонларнинг кўнглини кўтариш, уларга хурсандчилик улашиш, беғубор нигоҳларида қувонч нурларини кўришга эришишнинг ўзи катта бахт. Уларнинг билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун етарли шароитларни яратиб беришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши интернатимизда мунтазам хайрия тадбирлари ташкил этиб, болаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлайди. Бу хайрли тадбир фарзандларимизнинг маънавий ва руҳий ривожига ижобий таъсир этади.
Хайрия тадбири доирасида партия фаоллари мактаб-интернатида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Мавжуд муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тарбияланувчилар учун тўкин дастурхон ёзилиб, уларга кундалик эҳтиёжлари учун зарур буюмлар совға қилинди.