Мактаб битирувчиларининг қарийб 41 фоизи муддатидан олдин талаба бўлди
Навоий шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси таълим сифатини ошириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлари натижасида қувонарли натижани қайд этмоқда.
Жорий ўқув йилида мазкур таълим муассасасининг 11-синфини 69 нафар битирувчи тамомламоқда. Эътиборлиси, битирувчиларнинг қарийб 41 фоизи, яъни 28 нафари мактаб партасидаёқ максимал 189 балл жамғариб, муддатидан олдин талаба деган номга эришди.
Бу натижа ўқувчиларнинг билимга интилиши, устозларнинг самарали меҳнати, мактабда яратилган замонавий таълим муҳитининг амалий ифодасидир.
Яна бир қувонарли жиҳат шундаки, битирувчиларнинг яна 10 нафарида талабаликка эришиш учун атиги биттадан мажбурий фан сертификати етишмаяпти. Бу эса яқин кунларда ушбу кўрсаткич янада ортишидан дарак беради.
Мазкур таълим муассасаси 2024-2025 ўқув йили якунида ҳам юқори натижа қайд этиб, 60 нафар битирувчисининг барчаси талаба бўлишга муваффақ бўлган эди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири