Маиший техника маҳсулотлари: рақамли маркировкалаш амалиёти
Мамлакатимизда маиший техника маҳсулотларини рақамли маркировкалаш тизими жорий этилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги “Маиший техника маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида” ги қарори ҳам қабул қилинди.
Хўш, мазкур тизим қандай амалга оширилади? Маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва унинг аҳамияти нималарда кўринади? Шу ва шу каби саволларга Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Нуриддин Раҳимов қуйидагича жавоб берди.
– Мазкур қарорга мувофиқ мажбурий рақамли маркировкалашни бошлаш муддатлари ва маҳсулотлар турлари гуруҳлар бўйича белгиланди, – дейди Нуриддин Раҳимов. – Жумладан, биринчи гуруҳ 2022 йил 15 апрелдан бошлаб – чангютгич, кир ювиш машинаси, совиткич ва музлаткич, телевизор ва монитор, иккинчи гуруҳ 2022 йил 1 августдан бошлаб – маиший газ плитаси, ошхона дудбурони, духовка ва печка, микротўлқинли печ, дазмол, сув иситкич, учинчи гуруҳ 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб – сув иситиш қозонлари, кондиционер, ўрнатилган электр моторли маиший техника (сок чиқазгич, блендр, миксер, кофе янчгич, гўшт майдалагич), барча турдаги лампалар.
Маиший техника маҳсулотларининг тегишли гуруҳини мажбурий рақамли маркировкалаш жорий қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида мажбурий рақамли маркировкасиз ишлаб чиқариш ҳамда улар импорт қилинганда агрегaцияланган импорт коди бўйича маълумотлар божхона юк декларaциясида кўрсатилмасдан “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштириш тақиқланади. 6 ой мобайнида маркировкаланмаган маиший техника маҳсулотлари қолдиқларини улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари томонидан ихтиёрий равишда бепул рақамли маркировкаланишга рухсат берилади.
9 ой ўтгач ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан кейинги айланма иштирокчиларига тақсимлаш фақат электрон ҳисобварақ-фактураларга маркировка кодлари тўғрисидаги маълумотларни киритган ҳолда амалга оширилади. 12 ойдан сўнг барча айланма иштирокчилари ўртасида тақсимлаш фақат электрон ҳисобварақ-фактураларга маркировка кодлари тўғрисидаги маълумотларни киритган ҳолда амалга оширилади. 1 йилдан сўнг Ўзбекистон ҳудудида рақамли маркировкасиз сотиш тақиқланади.
Мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузган тадбиркорлик субъектларига нисбатан чоралар қўллаш нормалари Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 мартдаги ЎРҚ-758-сон Қонуни билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш орқали белгиланди.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 166-моддаси 4-қисми билан мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан идентификaция воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидалари бузилиши ушбу корхоналарнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, Солиқ кодексининг 227(1)-моддаси билан товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификaция воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш бўйича қонунчиликда белгиланган талаблар ёки тартиб бузилиши охирги ҳисобот чорагида ушбу маҳсулотлар реализaциясидан олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
2022 йил 1 январдан бошлаб рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ва виртуал кассага уланган, штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқиш ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалардан (2D-сканерлар, маълумотларни йиғувчи терминаллар ёки бошқа турдаги махсус қурилмалар) мажбурий фойдаланиши лозим. Бунда тадбиркорлик субъектлари 2023 йил 1 январгача фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган суммани онлайн-НКМ ва юқорида назарда тутилган махсус қурилмаларнинг ҳар бирини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда камайтириши мумкин.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев ёзиб олди