Маҳсулотларнинг хавфсизлик талаблари белгиланади
Бугунги кунда амалиётда суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва мажбурий жамоат ишлари жазоларини ижро этиш каби шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилишни тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Бу эса ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятли вазиятларни келтириб чиқармоқда.
Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган “Пробация тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан пробация тизимининг умумий қоидалари, пробация хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби, назоратдаги шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, пробациянинг пробация назорати тарзидаги шаклини қўллаш тартиби, назоратдаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари, пробациянинг ижтимоий мослаштириш тарзидаги шаклини қўллаш тартиби, соҳадаги муносабатлар тартибга солинмоқда.
Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида депутатлар таъкидлаганидек, мазкур қонун лойиҳасининг амалиётга кенг жорий этилиши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлайди. Пробация назоратидаги шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, уларни ижтимоий мослаштириш, жиноят содир этишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан, самарали тизим яратилишига эришилади.
Шунингдек, йиғилишда “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасида маҳсулотлар ва хизматлар умумий хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги техник регламентларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, қўллаш, мувофиқлигини баҳолаш ва давлат томонидан назорат қилишдаги муносабатларни тартибга солади.
Қонун лойиҳаси маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш масалаларида истеъмолчилар ҳамда маҳсулотларнинг хавфсизлик талабларини белгилаш орқали фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, истеъмолчиларни чалғитадиган ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА